Пятница
29.03.2024
03:38
Форма входа
Поиск
Календарь
«  Октябрь 2013  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
28293031
Архив записей
Наш опрос
Оцените мой сайт
Всего ответов: 4
Мини-чат
Қўшимча сайтлар
  • Ўз сайтингизни яратинг
  • BBC ўзбек хизмати
  • Озодлик радиоси
  • Насрулло Саййиднинг блоги
  • Инструкции для uCoz
  • Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0

    "Ҳамкорлик" жамғармаси

    Главная » 2013 » Октябрь » 28 » Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат ўртасида қандай фарқ бор?
    12:15
    Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат ўртасида қандай фарқ бор?
    Мажбурий ёки ихтиёрий бўлишидан қатъи назар,  маълум меҳнат турларида вояга етмаган шахслар меҳнатидан фойдаланиш тақиқланади.

    Болалар меҳнатига оид ҳуқуқий нормалар

    "Вояга етмаганларнинг меҳнатидан фойдаланишга йўл қўймаслик бўйича талаблар тўғрисида” Низомнинг 4-бандига кўра,  белгилаб қўйилган нормадан ортиқ оғир юк кўтариш ва ташиш билан боғлиқ бўлган ишларда 18 ёшга тўлмаган шахслар меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилмайди.

    Болалар кўтариши мумкин бўлмаган оғирлик нормалари 18 ёшга тўлмаган шахслар кўтаришлари ва ташишлари мумкин бўлган оғир юк нормаларининг чегарасини белгилаш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисидаги Қарорда белгиланган (Қаранг:  Вояга этмаган шахслар қанчагача юк кўтариши мумкин?).
    Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-1-моддасига кўра,  вояга етмаган шахсларнинг меҳнатидан фойдаланишга йўл қўймаслик тўғрисидаги талабларни бузган,   вояга етмаган шахс меҳнатидан унинг соғлиғи,   хавфсизлиги ёки ахлоқ-одобига зиён этказиши мумкин бўлган ишларда фойдаланган шахсларга нисбатан энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солинади.   

    Агар бу мажбурий меҳнатга жалб этиш ҳуқуқбузарлиги билан биргаликда содир этилса,   оғирлаштирувчи ҳолат ҳисобланиб,   кўриладиган жазо чоралари шунга мувофиқ янада кучайтирилади.

    Демак,  қонунчиликка кўра,   вояга етмаган шахсларнинг юқорида белгиланган нормалардан оғир юк кўтариш билан боғлиқ ишларга жалб этилиши,   хоҳ ўзларининг хоҳишларига кўра бўлсин,   хоҳ мажбуран жалб этилсин,   қонунга хилоф ҳисобланади ва бундай меҳнатга жалб қилган шахс жавобгарликка тортилади.

    Болалар меҳнатига оид ҳуқуқий нормалардаги зиддиятлар

    Қонунчиликда  қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда ва йиғиштириб олишда ўқувчи ва талабалар меҳнатидан фойдаланишни тартибга солувчи қоидалар тўплами мавжуд.  Мавзу бўйича барча ҳуқуқий нормалардан яхши хабари бўлмаган одам  бу қоидалар тўпламини гўёки болаларнинг пахтага олиб чиқилишини тартибга солув ҳужжатдек қабул қилиши мумкин.  Аслида,  бундай эмас.  Чунки болаларнинг пахта териши бир неча ҳуқуқий нормаларга асосан Ўзбекистонда тақиқланади.

    Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2009 йил 26 июнда қабул қилган "Ўн саккиз ёшдан кичик шахсларнинг меҳнати қўлланиши тақиқланадиган ноқулай меҳнат шароитлари ишлари рўйхати”да ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларнинг пахтани қўлда териш ишларига жалб этилмаслиги белгиланган.  Демак,  қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда ва йиғиштириб олишда ўқувчи ва талабалар меҳнатидан фойдаланишни тартибга солувчи қоидалар тўплами пахта териш ишларига татбиқ этилмаслиги маълум бўлади.  Чунки пахтани қўлда териш ишлари вояга етмаган шахслар учун ноқулай меҳнат шароитлари рўйхатига киритилган.

    Ҳужжатда  қишлоқ хўжалиги ишларининг турлари ҳақида маълумот берилмаган. Қоидаларда бу ҳужжатнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Меҳнатни муҳофаза қилишга доир меъёрий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш ва ишлаб чиқиш тўғрисида”ги (Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларининг тўплами,  2000 й. ,  7-сон,  39-модда) ва "Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш тўғрисида”ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами,  2010 й. ,  28-29-сон,  234-модда) қарорларига мувофиқ ишлаб чиқилгани айтилади.

    Ҳужжатдаги 12-қоидага кўра,  Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 77-бандига мувофиқ,  ишга қабул қилишга ўн олти ёшдан йўл қўйилиши таъкидланган.  Айни пайтда ёшларни меҳнатга тайёрлаш учун умумтаълим мактаблари,  ўрта махсус,  касб-ҳунар ўқув юртларининг ўқувчилари,  уларнинг соғлиғига ҳамда маънавий ва ахлоқий камол топишига зиён етказмайдиган,  таълим олиш жараёнини бузмайдиган (Таъкид Ташаббусники) енгил ишларни ўқишдан бўш вақтида бажаришлари учун — улар ўн беш ёшга тўлганидан кейин ота-онасидан бирининг ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахслардан бирининг ёзма розилиги билан ишга қабул қилиниши белгиланган.  

    Демак,  вояга етмаган шахсларни бундай ишларга жалб қилиш шартларидан бири шуки,  бундай меҳнат болаларнинг таълим олиш жараёнини бузмаслиги керак,  яъни улар ҳар куни мактаб,  коллеж ёки академик лицейга дарсга бориши ва дарсдан сўнг уй вазифаларини қилиш учун қўшимча,  бизнинг ҳисобимизга кўра,  тахмимнан 1-2 соат вақтга эга бўлиши,  шундан сўнг вақти қолса,  чиқиши мумкин.

    Яна бир жиҳати,  бундай ишларга чиқиш учун авваламбор,  вояга етмаган шахснинг ўзи рози бўлиши ва қатнашишни хоҳлаши керак.  Аск ҳолда,  бу мажбурий меҳнат бўлиб қолади.  Мажбурий меҳнат эса юқорида айтиб ўтганимиздек,  Меҳнат кодекси ва бошқа бир қатор қонуний ҳужжатлар асосида тақиқланади.  Бундан ташқари,  вояга етмаган шахснинг ота-онаси меҳнат ишларига қатнашишга норози бўлса,  бола ўзи хоҳлаган тақдирда ҳам иштирок эта олмайди.  Демак, тақиқланмаган қишлоқ хўжалиги ишларига вояга етмаган шахслар, аввало, ўз ихтиёрлари билан, сўнг ота-оналарининг розилиги билан жалб қилиниши мумкин.


    Болалар меҳнатига оид халқаро ҳуқуқ нормаларининг Ўзбекистонда қўлланиши 

    Ўзбекистон Республик
    аси Ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш тўғрисидаги Конвенция,  Зўрлаб ишлатиш ёки мажбурий меҳнат тўғрисидаги Конвенция,  Болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисидаги Конвенцияларни ратификация қилган ва 2008 йил 12 сентябрда Вазирлар Маҳкамаси "Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш тўғрисидаги конвенцияни ҳамда болалар меҳнатиинг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисидаги конвенцияни амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида” Қарор қабул қилган.   

    Мазкур қарорга кўра,  юқорида айтилган икки конвенцияни ратификация қилиш муносабати билан ундаги нормаларни миллий қонунчиликка татбиқ қилиш учун Миллий Ҳаракат Режаси (бундан кейин МҲР- Ташаббус изоҳи) ишлаб чиқилган.
    МҲРнинг 20-банди 1-қисмида 2008 йил сентябрь,  кейинчалик ҳар йили –– августда пахта йиғим-терими ишларида умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг мажбурий меҳнатидан фойдаланишга йўл қўймаслик юзасидан жойларда мониторинг олиб бориш учун ишчи гуруҳ ташкил этилиши кераклиги белгиланган.  20-банд 2-қисмига кўра эса,  ҳар йили — август-ноябрь ойларида  пахта йиғим-терими ишларида умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг мажбурий меҳнатидан фойдаланишга йўл қўймаслик юзасидан жойларда мониторинг олиб борилиши керак.

    20-банд 3-қисмида ҳар йили —‎‎ 10 сентябрь, ‎‎10 октябрь, ‎10 ноября, ‎10 декабрда мониторинг натижалари тўғрисидаги таҳлилий маълумотнома тегишли таклифлар билан бирга Вазирлар Маҳкамасига киритилиши лозимлиги ва бу ишга Халқ таълими вазирлиги,  Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги,  Ташқи иқтисодий алоқалар,  инвестициялар ва савдо вазирлиги,  Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши,  вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари масъул ижрочилар экани белгиланган.

    МҲР 20-бандидаги "умуммтаълим мактаблари” иборасига алоҳида эътибор бериш лозим.  Чунки умумтаълим мактаблари ўқувчилари 15-16 ёшгача бўлган болалардан иборат бўлиб,  ундан кейинги таълим босқичи ҳисобланган акадамик лицей ва касб-ҳунар коллежлари талабалари умумтаълим мактаб ўқувчилари қаторига кирмайди.  Аммо уларнинг аксарияти 18 ёшга тўлмаган шахслардир.  Ҳужжатда қўлланган сўзларга таянадиган бўлсак,  МҲР академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг 18 ёшга тўлмаган талабаларини мажбурий меҳнатга жалб этилмаслик ҳақидаги қонуний норма ҳимояси билан таъминламаяпти.  

    Бу эса МҲРнинг вояга етмаган шахслар меҳнатини тартибга солувчи бошқа ҳуқуқий нормаларга зид эканини англатади.  Аслида ҳужжат матнида "умумтаълим мактаблари ўқувчилари” эмас,  18 ёшга тўлмаган ёки вояга етмаган шахслар атамаси қўлланилиши лозим эди.  Халқаро ҳуқуқ нормаларига кўра,  18 ёшга тўлмаган ва эмансипация қилинмаган ҳар қандай вояга етмаган шахс бола ҳисобланади.

    Юқорида тилга олинган халқаро конвенциялар ижросини таъминлаш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2012 йил 26 мартда ҳам "Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган зўрлаб ишлатиш ёки мажбурий меҳнат тўғрисидаги конвенцияни ҳамда болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисидаги конвенцияни 2012-2013 йиллларда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳақида” Қарор қабул қилди.  Қарорга кўра,  қабул қилинган Конвенцияларни миллий қонунчиликка тадбиқ қилиш учун 2012-2013 йилларда амалга оширилиши режаланган Қўшимча Тадбирлар Режаси (бундан кейин Тадбирлар Режаси) қабул қилинди.

    Мазкур Тадбирлар Режасининг 14-бандида аввалги МҲРда йўл қўйилган хатолик тўғрилаб кетилган.  Унга кўра,  умумтаълим мактаблари,  академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг мажбурий меҳнатидан фойдаланишга йўл қўймаслик учун жойларда мониторинг олиб бориш ва назорат қилиш белгиланган.  Демак,  мазкур банд 18 ёшдан юқори,  аммо академик лицей ёки коллеж талабаси бўлган шахсларни ҳам мажбурий меҳнатдан ҳимоялашни кўзда тутади.

    Тадбирлар Режасининг 18-бандига мувофиқ,  Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги,  Халқ таълими вазирлиги,  Бош прокуратура,  Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши,  вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳар йили август-октябрь ойларида пахта йиғим-терими ишларида умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг мажбурий меҳнатидан фойдаланишга йўл қўймаслик учун жойларда мониторинг олиб бориши ҳамда Вазирлар Маҳкамасига тегишли таклифлар билан биргаликда мониторинг натижалари тўғрисида батафсил таҳлилий маълумотнома киритиши лозим.  Демак,  ўқувчиларнинг пахта теримига жалб этилмаслигини таъминловчи ҳуқуқий нормаларнинг қандай ижро этилаётганини юқорида тилга олинган идоралар кузатиб боришлари лозим.  Бу борада йўл қўйилган қонунбузарликлар ҳақида шикоят қилиб фуқаролар бевосита мазкур идораларга мурожаат этишлари мумкин.  Бу идоралар ўз навбатида бу ҳақда маълумотнома тайёрлаб,  Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиши лозим.

    Аммо қизиғи шундаки,  18-бандда аввалроқ тилга олинган академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари номи яна тушиб қолган.  Юқорида таъкидланганидек,  18 ёшга тўлмаган барча шахслар вояга етмаганлар ҳисобланиб,  болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ва миллий қонунчилик ҳимоясига олинган.

    Хулоса

    Миллий Ҳаракат Режаси ҳамда Тадбирлар Режасининг аҳамиятли жиҳати шундаки,  уларда Ўзбекистон пахта йиғим-терим ишларида болалар меҳнатидан фойдаланиш мажбурий меҳнат турига кириши тан олинган ҳамда бунга қарши тегишли чоралар кўрилиши белгиланган.  Тадбирлар Режасида, шунингдек, умумтаълим мактаблари ўқувчилари, академик лицей ёки касб-ҳунар коллежи талабаларини мажбурий меҳнатга жалб этмаслик алоҳида таъкидланган. Демак,  нафақат вояга етмаган, балки 18 ёшдан катта, лекин академик лицей ёки касб-ҳунар коллежи талабаси бўлган шахсларни пахта йиғим-терим ишларига мажбуран олиб чиқиш қонунга мувофиқ тақиқланади.

    Манба : tashabbus.uz
    Просмотров: 755 | Добавил: hamkorlik | Теги: Инсон ҳуқуқлари | Рейтинг: 0.0/0
    Всего комментариев: 0
    Имя *:
    Email *:
    Код *: