Среда
24.04.2024
20:34
Форма входа
Поиск
Календарь
«  Октябрь 2013  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
28293031
Архив записей
Наш опрос
Оцените мой сайт
Всего ответов: 4
Мини-чат
Қўшимча сайтлар
  • Ўз сайтингизни яратинг
  • BBC ўзбек хизмати
  • Озодлик радиоси
  • Насрулло Саййиднинг блоги
  • Инструкции для uCoz
  • Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0

    "Ҳамкорлик" жамғармаси

    Главная » 2013 » Октябрь » 30 » ГУЛНОРАНИНГ БОШИДАГИ ҚОРА БУЛУТЛАР ҚУЁШЛИ КУНЛАРИГА ПОЙДЕВОР ЭМАСМИКИН?
    09:44
    ГУЛНОРАНИНГ БОШИДАГИ ҚОРА БУЛУТЛАР ҚУЁШЛИ КУНЛАРИГА ПОЙДЕВОР ЭМАСМИКИН?
    Ўзбекистон матбуоти ҳар доимгидек жим,окиандаги ожиз балиқчаларга айлангандек гуё.
     
    Бироқ ҳориж матбуотида кейинги кунларда Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова "империясининг ҳалокати” хусусидаги гаплар болалаб қолди.
     
    Ва яна бугун сиёсатшунос Усмон Ҳақназаровнинг "Президент Каримов қизи Гулнорани нима учун калтаклади?”  сарлавҳали мақоласига кўзим тушди.
     
    Ҳориж матбуоти хабарларига таянадиган бўлсак,октябр ойининг учинчи ўн кунлиги Гулнора Исломовнага омадсиз келган. Унинг фатвоси билан "очилиб-ёпиладиган” «TV Markaz»,«Forum TV»,,«СофтС»,NTT  телекааллари,  «Zamin FM»,«A’lo FM» ,«Terra FM» радиоканалларининг фаолияти тақа-тақ тўхтатилган.
     
    Ҳатто давлат бюджетининг 16 миллион доллар маблағи "тагига сув қуйиш” эвазига шов-шувлар билан ўтказиб келинаётган   «Art Week Style» тадбирига чақирилган ҳорижлик меҳмонларни ортига қувиб юборишларига ҳам бир баҳия қолган.
     
    Келгусида киноюлдузлар ва киномухлислари  «Золотой Гепард» "томоша”сини тушларида кўришлари эҳтимоли ҳам йўқ эмас.
     
    Гулнорахон асос солган «Fond Forum»  ва яна мен номини ҳам эслаб қола олмайдиган алламбало ташкилоту дўконлари,кўпқаватли савдо шаҳобчалари-ю "бутик”ларига МХХ тафтишчилари гуё оч қашқирдек "ташланишган” – "тити-питисини чиқаришиб” ётганмиш.
     
    Хуллас,Гулнора Исломовнанинг ҳамма ҳаракатлари хом,қадамлари қалтис,ишлари пачава,ҳаёти хавф остида,хос соқчилардан мосуво эмиш.
     
    Ярим яланғоч тушган сурати учун отаси – президент Каримовдан калтак ҳам еб олганмиш….
     
    Эл оғзида миш-миш:"Гулнора эрта-индин қамалиб кетишиям мумкин”  эмиш…
     
    Юқорида номлари санаб ўтилган хусусий телеканалу радиоканаллар ростанам бир неча кундирки гунг бўлган. Айниқса,NTTдаги сериаллар ишқибози бўлган  хотинларнинг росаям қахри келган. "Бебаҳо пайтлар”миди-ей,қайсидир сериалларини то охиригача кўра олишмай қолганлари учун  бу каби "ўйиб-сўйиш”ларнинг "бошида турган”ларни "оғзингдан қонинг келсин” деб "обориб-обкеб” ётишибди. Айтишади-ку,"Эчкига жон қайғуси,қассобга мой қайғуси” деб. Ўзбекнинг аёлларини сериал билан алдашдан асони йўқ. …  "Мен нима дейману,қубизим нима дейди” деганлари шудир-да?
     
    Чинданам кечаги «Art Week Style» ҳафталигида Гулнора Исломовнанинг "кўкрагига мато етмай қолган” қиёфаси негадир кўринмай қолди.
     
    Бундан чиқдики,мамлакат КАТТА ҚИЗИнинг "молиявий империяси”ни ташкил этувчи қато-оооор ташкилотларини тафтишчилар босган бўлса,бордир.
     
    Эл "Гулнора қамалиб қолиши ҳам мумкин”миш деб айтса-айтар.
     
    Лекин сиз шу эртакларга ишонасизми?
     
    Нимага бўларди,мамлакат президентининг катта қизи "касодга учради” деган чўпчакка-да?
     
    Масалан,мен ишонмайман.
     
    Кечагина мамлакат "қироличаси” бўлишга шай "қизалоқ” бугун касод бўлиши,безниси қулаб кетиши, бор-йўғидан мосуво этилиши мумкинми? Аниқроғи,бўлажак мамлакат "малика”сини бир зумда "синдириш”лари бор гапми?
     
    Куни кеча эмасмиди айнан мана шу кўйлагининг этагига топса,енгу ёқасига мато камёблик қилиб қоладиган қизни "қиролича”га айлантириш илинжида куйиб-пишишганлари?
     
    Гулнора билан боғлиқ бу "маш-маша”лар мамлакат ички "сиёсати”нинг галдаги қабих бир кўринишларидан бири бўлмаса деб қўрқаман.
     
    Қизиқ-ку,куну тун интернетни "титкилаб” ўтирадиган отанинг аллақачонлар бутун олам кўриб улгурган ўз қизининг ярим яланғоч суратига бирам кўзи тушмаган бўлса?  Бунинг учун президент эмас,кўр бўлиши керак-ку киши? Қаранг-а,кимсан мамлакат каттаси кимдир қўлига қизининг  "кирдикорлари”ни тутқазганидан кейингина калтаклаб ўтирса?
     
    Нима,сизнингча,шу пайтга қадар мамлакат раҳбари ўз қизи Гулнора Исломовнанинг "куйиб-пишиш”лари ортидан  «Art Week Style»,«Золотой Гепард»,"Асрлар садоси”  каби қатор тадбирларга асос солинганини билмасмиди?
     
    Иқтисодчи президент мазкур тадбирга ҳориждан чақирилаётган меҳмонлар қуш каби учиб келмаслигини,меҳмонхона харажатларининг ўзи бўлмаслигини,шоҳона дастурхонлар учун эртаклардаги "очил дастурхон”  иш бермаслигини,ўйлайсизки,наҳотки билмаган?
     
    Ўзбекистон шароитида 16 миллион доллар ҳазилакам пулми сизга?
     
    Яна қаердан,давлат бюджетидан 16 миллион доллар кўкат кўкка соврилади-ю,давлат раҳбари бехабар қоладими?
     
    Гулнора Исломовна биргина Фарғона водийсининг ўзидан қариндошлари воситадсида 70 миллион нақд "долия”сини қуртдек санаб олади-ю,отаси Каримов доғда қоладими?  Буларнинг бачасидан бехабар қолиш учун киши президент эмас,полизга қоқилган қўриқчи бўлиши керак-ку? Жа-ааа,обқоча-обқоч…
     
    Бўлмаган гап!
     
    Ўзбекистонда,шундоққина бурнининг тагида шу-ууунча гап бўлади-ю бизнинг пихини ёрган президентимиз бебаҳра қоладими? Кимсан,30 миллион аҳолини чорак аср авраб келган киши-я?
     
    Чучварани хом санабсиз!
     
    Ҳаммасини кўриб-билиб турган,тамом-вассалом.
     
    У ҳолда бу "машмаша”ли ўйинларнинг илдизи нимада дерсиз?
     
    Фикру ожизимча,  "қиролича”ликка даъвогар қизни қўриқлаш – асраб қолишнинг навбатдаги усули – шунчаки ҳийла-найранг. Бундан бошқа нарса эмас.
     
    Ўзбекистон ичкарисида содир бўлаётган бу "ғала-ғовур”ларнинг илдизини ҳу-уув у ёқдан – Швеция,Швейцария,Франция каби  қатор мамлакатлардаги Гулнора Исломовна билан боғлиқ ғалвалардан излаш керак,назаримда.
     
    Айтингчи,ҳориж банкларидаги бор бисоти музлатилган,пул ювишда гумонланаётган,катта-катта молиявий жиноятларда қўли борлиги тахмин этилаётган,сўроғу терговга чорланаётган Гулнора Исломовнани айбловлардан қай йўл билан асраб қолиш мумкин? Чет эл прокуратурасининг терговлари-ю,ҳориж судининг салобатидан қутқариб қолишнинг имкони бормикин-а? Нима қилса президентнинг катта қизи билан боғлик ҳорижда кўтарилган шов-шувларга барҳам берилади? Қандай йўл тутса Гулнора хусусида оламда авж олган  айбловлар  "босди-босди”  қилинади? Нима қилиш керак?
     
    Мамлакат ичкарисида Гулнора Исломовна билан боғлиқ  машмашаларнинг авж олдирилиши юқоридаги ана шу каби саволларга амалдаги ҳукуматнинг топган жавоби эмасмикин?
     
    Эртага "Гулнора Каримованинг молиявий қинғирликлари фош этилди,президентнинг катта қизи иқтисодий кирдикорлари учун фалон йил озодликдан маҳрум этилди,қамалди” деган эълонни эшитсам ҳам,ажабланмаган бўлардим.
     
    Негаки Гулнорани ҳорижлик қонунчилар  қўлидан қутқариб қолиш "тадбир” –режасининг навбатдаги босқичи худди ана шундай якун топади,аслида.
     
    Мамлакатнинг катта қизи "Пирамида”гами,"Оқ Сарой”,Кўк Сарой”,эҳтимол,сизу биз номини ҳам билмайдиган,ҳали  эшитиб улгурмаган  қайсидир  "қаср”га "қамалади”.
     
    Қарабсизки,бир ўқ билан нишонга олган  икки қуённи отишади:Кимсан,Ислом Абдуғаниевич диктатор эмас,демократ,адолатли,ҳақпарвар давлат арбоби! У адолат йўлида ўз арзандасини ҳам аямайди. Каримов учун шоҳу гадо бир.  У ана шундай валломат шахс!  Содда ўзбек орасида "Қаранглар-а,ҳатто қинғир ишга қўл ургани учун ўз қизини ҳам аямади-я!” деган олқишга асос солади, "офарин”ларни осонгина олади-қўяди,  ўзига бира йўла битмас-туганмас "очко” тўплаб олади.
     
    Қизи-чи,қизи?
     
    Гулнорахон эса эртага  бир юмалаб  ўз диктатор отасидан зулм чеккан жардийдага айланади-қолади.
     
    Жамиятимизда қамалиб қолиш қанчалар осон бўлса,оқлаб юборишлари ундан ҳам осонроқ-ку!
     
    Назаримда,буларнинг бари бугун Гулнора Исломовнани ҳорижий суд-ҳуқуқ тизимининг чангалидан қутқариб қолишу,ўз қизидан келажакакда ҚАХРАМОН яратишдек маккорона мақсад йўлидаги қитмирликлар,холос.
     
    Шу маънода бугун Гулноранинг боши ўзра кезаётган қора булутлар эртага унинг бахтига кафолат бўлиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас….
     
    Менинг башоратчиликка давойим йўқ. Шунчаки амалдаги ҳукумат "ижод” қилган "Бир малика қиссаси” ҳақидаги эртакни муддатидан олдин айтиб қўя қолдим,холос.
     
    Чўпчакнинг давомини,воқеалар ривожини,ўлмасак,кўраверамиз,гувоҳи бўлаверамиз.
     
    Айтмоқчи бўлганим,"Жўжани кузда санайди” дейишади. Ҳали бир тўхтамга келишга,хулоса чиқаришга жуда эрта…
     
    Зеро,вақтнинг ўзи энг олий ҳакам.
     
     
    Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА
    Мустақил журналист

    Манба : birdamlik.info

    Просмотров: 645 | Добавил: hamkorlik | Теги: Фикрлар | Рейтинг: 0.0/0
    Всего комментариев: 0
    Имя *:
    Email *:
    Код *: