Четверг
28.03.2024
16:09
Форма входа
Поиск
Календарь
«  Сентябрь 2013  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
30
Архив записей
Наш опрос
Оцените мой сайт
Всего ответов: 4
Мини-чат
Қўшимча сайтлар
  • Ўз сайтингизни яратинг
  • BBC ўзбек хизмати
  • Озодлик радиоси
  • Насрулло Саййиднинг блоги
  • Инструкции для uCoz
  • Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0

    "Ҳамкорлик" жамғармаси

    Главная » 2013 » Сентябрь » 5 » Й И ҒЛ А Р М А Н.
    09:26
    Й И ҒЛ А Р М А Н.
    Янги   шеърлар   тўплами. 

    ГУЛЧЕҲРА   НУР.

    ЎН  ТЎҚҚИЗ  ЙИЛЛИК  АЙРИЛИҚДАН
    КЕЙИН…

    (Китобга муаллифнинг сўзбошиси)

    Охирги марта босилган шеърий китобим «Муҳаббатнинг сурати» бўлиб, у 1988 йилда чоп этилганди. Шундан бери ўн тўққиз йил ўтибди. Шу фурсат мобайнида ёзилган шеърларимни назардан ўтказиб, тўплам ҳолига келтирдим. Уни «Йиғларман» деб номладим. Назаримда, кейинги ёзилган шеърларга бундан бўлак ном мос тушмайдигандай туюлди.Аслида ҳам бу йиллардаги умрим кўпроқ кўз ёшлари билан ўтгани рост.
    Бу давр бошидаги қайта қуриш бизларни уйғотиб юборганди. «Бирлик», «Тўмарис» каби халқ ҳаракатлари тузгандик. Миллий истиқлол учун майдонга

    тушгандик.

    Орадан кўп ўтмай, «Бирлик»ни ҳам, унга бошпана берган Ёзувчилар уюшмасини ҳам атайин иккига бўлдилар: халқнинг шиддатли ҳаракатини кучсизлантирдилар. Шундан кейин эса, кучсизланган ҳаракатнинг ҳам, уюшманинг ҳам бошига етдилар... Найранг, ўйин, қатағонлар ошкор ишга тушди. Беасос айблар қўйиб судлаш, қамашлар одатий ҳолга айланди. Эндигина уйғона бошлаган халқнинг шашти шу йўсин қирқилди, жувонмарг этилди...

                                      х  х  х х

    Эришилган мустақиллик шахсан менга нима берди? - деган савол  тез-тез хаёлимдан ўтиб туради. Аввало у мендаги уйғонишни, журъатни ўлдиришга тиришди.  Мустақиллик бошланиши билан ҳаётимда илк бора суд қилиндим. Тошкентда тузилган «Қорабоғ қўмитаси» йиғинида шунчаки иштирок этиб, залда ўлтирганим учун...  Мустақиллик йиллари номим қора рўйхатлардан сираям тушмади, ҳар бир куним назоратда бўлди. Шеърларим деярли босилмади. Биронта китобим чиқмади...

    Кўз очган булоқ ўзига муттасил йўл излагани сингари, мен ҳам юрак туғёнларимни одамлар билан баҳам кўришни истардим. Оқибатда тўрт йил хорижнинг «Озодлик» ва «Америка овози» радиоларида мухбирлик қилдим. Халқимиз ҳаёти билан янада яқиндан танишувга муваффақ бўлдим. Сиёсий
    ўйинларни, алдовларни, атайин уюштирилган террорларни кўрдим. Қўлга киритилган мустақиллик фақат амалдорларники бўлганига бутунлай ишонч ҳосил қилдим. Меҳнаткаш, беозор, халол халқим бекордан-бекорга террорчига чиқарилганига, унга экстремист номи берилганига, беҳудага 

    қамоқларга ташлангани, қийноқларга солингани, бўйсунмаганлари ўлдирилганига, заҳм, сил, СПИД каби касалликлар маҳбусларга атайин юқтирилганига шоҳидликдан қон-қон йиғладим... Дарду ҳасратларим гоҳида эшиттириш бўлди, гоҳида шеърга кўчди, гоҳида ёш билан ичга ютилди...
    «Муҳаббатнинг сурати» тўпламидан кейин ёзилган шеърларни  «Йиғларман» деб номлаганимнинг боиси шу.

    Онажон халқим, мен кўз ёшлари тўкиб, зора сенга озгина бўлса-да, таскин бўла билсам, зилдай ғам юкларингни енгиллата олсам... Ягона муродим - сенинг кўзларингда яшаш, яратиш завқини кўриш. Ниятим - сен йиғламасанг бас! 

    Гулчеҳра НУР, 2007, май.


                                 1987


    ҚАЙТА ҚУРИШ  -  ЙИЛЛАР ТАЪҚИБ АЙЛАГАН ОЗОД ФИКРЛАРНИНГ ДАВР-У ДАВРОНИ... 

    ҚАЙТА ҚУРИШ  -  ФАҚАТ ЎЗИН ЎЙЛАГАН НОПОК КИМСАЛАРНИНГ ЗИМДАН ИСЁНИ...


                                   ВАТАН

    Менга оғриқмисан, оҳмисан менга,
    Майли, қўшиқ билсин куйлагувчилар.
    Нетайки, кўп бўлса сендай заминга
    Куйгувчидан кўра куймагувчилар.

    Менга аждодлардан Каъбамисан, ё
    Мендан авлодларга ёнишлар-ўтлар...
    Нетайки, бағрингдан жой топган  риё
    Она атай туриб, солса човутлар...

    Сени ўйламаслик  -  БУЮК ҚОТИЛЛИК!
    Барчага бирдайин ҳожатбарорсан.
    Пахта тераётган, қўллари тилик
    Ўғлим суратига кириб борарсан.

    Сенга қарайман-у, заҳматкаш Ватан,
    Ўзимни кўмаман минг таъналарга.
    Қаро либос кийиб, тутайми мотам
    Ўғлим эшитмаган Муқанналарга.

    Гарчи сени куйлаб, гул демоқ урф,
    Истеҳзо кўринди, кўзингга боқсам.
    Қуриётган Орол бошида туриб,
    Сочларини ёйган қорақалпоқсан...

    Ёзу қиш пахта деб қад буккан воҳам,
    Тилаганим сенга  -  тақдир қуёши.
    Майлига, мен учун оғриқ бўлсанг ҳам,
    Омон бўл, омон бўл, кўзларим ёши!
                                                 24. 11. 1987.

    х  х  х х

    Мен сиз каби кула олмасман,
    Мен сиз каби чалмасман қарсак.
    Маҳзунликнинг майидан мастман,
    Эгнимда ҳам ғам бичган мурсак.

    Тилимдадир қисмати тахир
    Фурсатларнинг оғриқ кезлари.


    Нетай, нетай, нетайки, ахир  
    Мен ҳаётнинг дардчил кўзлари...
          19. 12. 1987.

    х  х  х х

    Юрардик нопок-ла шеърда олишиб,
    Юрардик ҳақиқат, адолатга оч.
    Қайта қуриш...
    Сендан кўнгил ёришиб,
    Ҳар бир ҳужайрага қайтди-ку ишонч.

    Эътиқодлар қайтди...
    Булутли осмон,
    Ўйладим: зум ўтмай бўлгай мусаффо.
    Шоҳсупага чиқар бегуноҳ виждон,
    Шоҳсупага чиқар эл-юртга вафо.

    Қайта қуриш...
    Сенга тикиб жонимни,
    Дедим: «Мен уники, уники буткул...»
    Энди бўлса борим  -  хонумонимни
    Чирпирак этгудай, ёндиргудай ул.

    Қайта қуриш  -  оппоқ бедорликка зеб,
    Иймон-диёнатга тегишли насаб.
    Қайта қуриш - ҳақ деб, халолликни деб
    Хаста бўлган юрак, қақшаган асаб...

    Қайта қуриш  -  йиллар таъқиб айлаган
    Озод фикрларнинг давру даврони.
    Қайта қуриш  -  фақат ўзин ўйлаган
    Нопок кимсаларнинг зимдан исёни...
     Қиш кета қолмасдан, келолмай баҳор,
    Кунлар файз-тинчини йўқотган таҳлид,
    Имонлилар бедор,
    Имонсиз бедор...
    Ватан  -  жанг майдони бўлмишдир яхлит.

    Мен ҳам майдон аро покланиш тараф,
    Ватан-боғ файзини ўйлаган қушман...


    Тегмай қолди чоғи мендан бирор наф,
    Кечаги дўстларим  -  бугунда душман...

    Биламан: отгайлар маломат тошин,
    Истарлар номимни этмоқни қаро.
    Мен эса, ўлсам ҳам эгмасман бошим,
    Ўзимни билгайман саркашлар аро.

    Тиловат қиламан: булутли осмон
    Чақмоқлар сўнггида бўлсин мусаффо.
    Шоҳсупага чиқсин бегуноҳ виждон,
    Шоҳсупага чиқсин эл-юртга вафо...

                 20. 06. 1987.

    Просмотров: 757 | Добавил: hamkorlik | Рейтинг: 1.0/1
    Всего комментариев: 1
    1 Salomatoy  
    0
    Haqiqiy xalq dardini aks ettiruvchi she'r! Gulchehra Nurillaevaga sog'lik, omonlik tilayman. Hurmat bilan salomatoy.

    Имя *:
    Email *:
    Код *: