Суббота
20.04.2024
00:35
Форма входа
Поиск
Календарь
«  Октябрь 2013  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
28293031
Архив записей
Наш опрос
Оцените мой сайт
Всего ответов: 4
Мини-чат
Қўшимча сайтлар
  • Ўз сайтингизни яратинг
  • BBC ўзбек хизмати
  • Озодлик радиоси
  • Насрулло Саййиднинг блоги
  • Инструкции для uCoz
  • Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0

    "Ҳамкорлик" жамғармаси

    Главная » 2013 » Октябрь » 10 » КАРИМОВ ФЕНОМЕНИ
    09:10
    КАРИМОВ ФЕНОМЕНИ
    Алибой Йўляхшиев
    Толиб Ёқубов

    1-қисм

    Феномен – табиат ёки жамиятда кузатиладиган ўта ноёб, бетакрор нарса ёки ҳодиса характеристикасини англатувчи сўздир. Бу ноёб нарса ёки ҳодиса шаклан ҳам, моҳиятан ҳам турлича, масалан, яхши ёки ёмон, гўзал ёки жирканч бўлиши мумкин. Ҳар онда дунёда  минглаб чақалоқлар туғилади, бироқ бир-бирига туташиб кетган, битта организм бўлиб туғилган эгизаклар ("сиам эгизаклари”) ноёб ҳодиса, яъни феномендир.

    Инсоният тарихида беҳисоб буюк шахслар ўтган, бироқ пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алейҳи вассаллам) ҳазратлари феномен шахс эканлари шубҳасиз. Инсоният тарихидан бизга яхшироқ маълум бўлишган "буюк” қотиллар Фиръавн, Чингизхон, Ҳитлер ва Сталинлар ҳам феномен шахслар туркумига киради. Бироқ уларнинг бу ноёбликлари инсониятга беҳисоб кулфатлар келтиришлари билан ифодаланади. Бизнинг назаримизда Ислом Каримов ҳам юқорида исмлари тилга олинган "буюк”лар каби Ўзбекистон тарихига феномен шахс сифатида кирадиган кўринади.

    Ислом Каримов Ўзбекистонда аввал коммунистик раҳбар этиб тайинлангани, кейинроқ президент бўлиб олганига яқинда чорак аср тўлади. Аммо унинг, "Мен Ўзбекистонни қай ахволда қабул қилиб олган эдим ва унинг халқига қандай яхши неъмат ёки азобу заҳмат келтирдим?” – дея ўзининг кейинги 25 йил ичидаги фаолиятини сарҳисоб қилишига ишониш қийин. Унинг табиатини яхши билган одамлар, гарчи у билан ҳеч қачон учрашмаган бўлсак-да, шу одамлар ичида биз ҳам, юқоридаги, Каримов ўз-ўзига бериши лозим бўлган саволга ўз муносабатларини билдиришлари зарур, деб ҳисоблаймиз.

    Табиий, биз мазкур одамлар орасида маддоҳ-журналист Исмат Хушев кабилар бўлмаслиги тарафдоримиз. И.Хушев ва унинг кабиларни хушкўрган ватандошлар бизни кечирсинлар, бироқ уларнинг И.Каримов ҳақида ёзганлари ва сўзлаганларини ҳеч қандай куракда тутиб бўлмайди, дейиш адолатдандир. Шу сабабли Хушевларнинг президент Каримовини эмас, И.Каримовнинг давлат раҳбари сифатида ҳақиқий башарасини кўрсатиш келажак авлод учун ўта муҳимдир. Замон кечувчи, шу билан бугунги воқеаларнинг тирик гувоҳлари ҳам ўткинчидир. Жумладан, И.Каримов ҳақида ҳақиқатларни кўрганлар, унинг кимлиги ва қандай золимлигини билганлар ҳам тўхтовсиз камаяверади. Ҳатто И.Каримов ҳақида ҳамма ёки кўп нарсаларни билганлар ҳам кексалик оқибатида уларни унута бошлайди ёки бутунлай унутишлари ҳам мумкин. И.Хушев ва унга ўхшаган маддоҳлар эса, унинг ҳақида ёлғон нарсаларни ёзаверади. Келажак авлод ана шу ёлғонлар гирдобида қолиб кетмаслиги ўта муҳим. Биз, тарихга ана ўша уйдурмалар, ёлғонлар қолмаслиги учун қайғуришимиз ва лозим бўлган ишларни бажаришимиз зарур.

    Аввало И.Каримов коммунистик тузум даврида тўла коммунистик таълим-тарбия олганлиги ва ўшандай муҳитда шахс сифатида шаклланганини, ўша тузумнинг кўпгина раҳбарлик пиллапояларидан юқорига кўтарилганини эсдан чиқармаслик керак. Бундай одамларда алоҳида психология ва менталитет юзага келган бўлади. Минг ювсанг ҳам кетмайдиган махсус кимъёвий кукунга ўхшаш бу психология ва менталитетдан ҳам – "ўрганган кўнгил ўртанса қўймас”, деганларидек, қутила олмаган одамлар бесаноқ. Ана шулардан биттаси – И.Каримовдир.

    Тўлақонли коммунист И.Каримов, коммунистларнинг суянч қалъаси СССР тугатилганлиги эълон қилинганидан кейин, яъни 90-чи йиллар бошида гўё ўзининг ўтмишидан воз кечгандай бир қатор кўзни алдовчи ҳаракатлар (қилиқлар) қилди: Ўзбекистон коммунистик партияси номини "Ўзбекистон халқ-демократик партияси”га ўзгартирди, бирпартиялик Ўзбекистонда кўппартиялик тизим жорий қилгандек бўлди, "Ўзбекистон компартияси 1-Котиби” лавозимини янги замонга мослаб "президент”га алмаштирди, соф коммунистик газета "Қизил Ўзбекистон” (кейинчалик "Совет Ўзбекистони”)ни "Халқ овози” деб атади, колхозчиларни фермерга айлантирган бўлди. Номлар ўзгарди, бироқ моҳият ўзгармади, яъни И.Каримов ўзини ва ўзи бир мунча дуруст тушунадиган ҳокимият бошқарув тизимини ўзгартирмади.

    Коммунистик тузумни тубдан ўрганган тарихчилар, СССР тарихининг 30-чи йилларига И.Сталин ва унинг гумашталари томонидан халққа қарши уюштирилган КАТТА ТЕРРОР даври сифатида қарашади. Бу – ерга хусусий мулкчиликни бекор қилиб, ўрнида коллективлаштириш (колхозлаштириш)ни жорий қилиш натижасида юзага келган мисли кўрилмаган очарчилик, "халқ душмани” айби билан миллионлаб одамларни қатл қилиш ёки қамоқларга ташлаш, мамлакатда ҳар қандай ҳурфикрликни йўқ қилиш, зиёлиларни қатағон қилиш, инсоният тарихида бунгача ҳеч учрамаган, ўта мавҳум коммунизм ғоясини халқнинг онгига мажбуран сингдириш, ХХ-асрда биринчи яккапартиявийликка асосланган, шахсга сиғиниш авж олган тоталитар сиёсий системани тузиш (ва ҳоказолар) коммунистик тузумнинг жиноятларидир.

    Қуйида Ўзбекистон ва И.Каримов ҳаётидан баъзи лавҳаларни келтирамиз.

    (1) Ўзбекистон 1991 йил 25 декабрга қадар СССР таркибида бўлиб, Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси (ЎзССР) деб аталарди. [1991 йилнинг сўнггига келиб СССР деб аталадиган мамлакат тарқатиб юборилди. 1991 й. 25 декабрь СССРнинг тарқаши куни ҳисобланади]. 1991 йил 31 августга келиб, ниҳоят энди И.Каримов бошлиқ Ўзбекистоннинг коммунистик парламенти ҳам Ўзбекистоннинг мустақиллигини эълон қилди ва ўша кундан бошлаб – Ўзбекистон Республикаси (ЎзР), дея атала бошлаган бўлса-да, ундан кейин ҳам яна тўрт ой давомида СССР таркибида бўлиб турди.

    (2) И.Каримов, 1989 йил 23 июнда Москва тарафидан ЎзССР компартиясининг 1-Котиби этиб тайинланди, яъни совет даврининг анъанасига кўра, у коммунистик Ўзбекистоннинг коммунист давлат бошлиғи бўлиб қолди.

    (3) 1991 йил 17 мартда ўтказилган референдумда берилган "Сиз СССР сақланишини истайсизми?” деган саволга И.Каримов ва унинг атрофидаги коммунист лаганбордоларнинг куйиб-пишиб сарфлаган саъй –ҳаракатлари (ёки ёлғон ва уйдурмалари) оқибатида Ўзбекистон аҳолисининг 93,7%и "Ҳа” деб жавоб берган бўлиб чиқди.

    (4) И.Каримов, 1990 йил 24 мартда ЎзССР Олий Кенгаши аъзо (депутат)лари тарафидан ЎзССР Президенти этиб сайланди;

    (5) И.Каримов, ўтган асрнинг охиридаги алғов-далғов йилларида – 1990 йил 14 июлда СССР компартияси Марказий Комитети Сиёсий Бюроси (МКСБ)нинг аъзолигига ҳам сайланди.

    (6) И.Каримов, 1991 йил 5 майда "Известия” газетасига берган интервьюсида: "Биз бу Иттифоққа беҳад азоблар билан эришганмиз, биз унда қоламиз”, дейилган иборалар қўллади.

    (7) 1991 йил 29 декабрда ўтказилган умумхалқ референдумида берилган "Сиз Ўзбекистон мустақил давлат бўлишини хоҳлайсизми?” деган саволига ҳам аҳолининг 95%дан ортиқ қисми "Ҳа” деб жавоб берган этиб кўрсатилди.

    Изоҳ: бу референдум президент сайлови билан қўшиб ўтказилган.

    Эслатма: 1991 йилда ўтказилган икки референдум саволлари шакл нуқтаи-назаридан аслидан бироз фарқ қилса-да, мазмунан фарқ қилмайдилар. Уларнинг мазмунларини сақладик.

    И.Каримов даврида бир йил ичида, яъни 1991 йили Ўзбекистонда икки марта – 17 март ва 29 декабрда – умумхалқ референдуми ўтказилди. Референдумларда қўйилган саволлар бир-бирига тубдан қарама-қарши бўлса-да, ҳар иккала референдумда ҳам халқнинг "Ҳа”жавоби тахминан бирхил, яъни 95% атрофида бўлган, яъни бир йил ичида халқнинг СССР га бўлган муносабати тубдан, қарама-қаршисига ўзгарган бўлиб чиқди. Ҳақиқатан ҳам шундай бўлиши мумкинмиди? Йўқ, мумкин эмас эди, албатта. Бу кўрсаткичлар, халқ оммасида масалага муносабатнинг ўзгарганини эмас, аксинча, референдумлар натижаларининг И.Каримов ва унинг лаганбордорлари тарафидан тўла сохталаштирилганини кўрсатади. Масалан, Литва, Латвия ва Эстония халқлари ва сиёсатчи элитаси мустақиллик учун ўзбек халқидан анча илгари кураш бошлаган бўлса-да, ҳатто бу учта болтиқбўйи халқлари ҳам бундай натижага "эришган” эмас. Шунинг учун Ўзбекистонда ўтказилган иккита референдумнинг эълон қилинган натижалари қип-қизил қасамхўрликдан иборат эди, дейишга ҳақлимиз. 1991 йилда ўтказилган ҳар иккала референдумнинг эълон қилинган натижалари халқнинг фикрини заррача ҳам англатмаган эди, балки коммунистик ёлғон ғоя ва бошқарув системасининг хусусиятлари қон-қонига сингиб кетган раҳбарнинг ғиромликларини ифодалайдиган бир кўрсаткич эди.

    (3) – (7)лар Каримовнинг қўрқоқлиги ва коммунистик тузумга ўта содиқлигининг белгиларидир. (5)га эътибор қилинг! Бу – оддий қувлик, айёрлик эмас, бу – эътиқод! (1) ва (6)ни таққосланг: уларнинг ораси 3 (уч) ой-ю 26 кун, холос! Шу ўта кичик тарихий вақт ичида И.Каримов дунёқарашида кардинал (тубдан) ўзгариш юз бердими? Йўқ, албатта! Давлат мустақиллигини эълон қилиш мутлақо унинг ташаббуси эмас, балки бир гуруҳ мустақиллик кайфиятидаги депутатлар ташаббуси ва босимининг натижасида содир бўлганди. Парламент 1991 йил 31 августидан бир йилдан кўпроқ олдин, И.Каримов ва унинг гумашталарининг қаттиқ қаршилигига, И.Каримовнинг ўзи Андижонга қочиб кетганига қарамай мамлакат мустақиллик декларациясини 1990 йил 20 июньда қабул қилган эди.

    1991-92 йилларда И.Каримовда бир-бирига қарши икки ҳис мавжуд бўлган: 1) Коммунистик тузумга содиқлик ва Москвадан ўта қўрқиш; 2) Москвага эгилишу хушомадларни ўрнига қўйиш йўли билан Ўзбекистонда ўзининг мутлақ яккаҳокимлигини ўрнатиш. Фақат 1991 йил декабрига келиб СССР тарқаши маълум бўлгач, у 1-чи ҳисдан воз кечишга мажбур бўлиб қолди ва шу сабаб иккинчи йўлни янада ишончли изга туширишга кўчди. Биз қараётган 1989-1992 йиллар даврида ЎзССРда совет Конституцияси, яъни ЎзССР Конституцияси амалда эди. Унинг амали то 1992 йил 8 декабргача, Ўзбекистоннинг янги Конституцияси қабул қилингунча давом этди.

    Йўл-йўлакай шуни ҳам айтиб ўтишимиз керак-ки, совет даврининг қатор ҳужжатлари, хусусан Жиноят, Жиноят-процессуал, Жиноят-ижроия кодекслари, худди шундай фуқаровий ва бошқа кодекслар 1995 йил 1 апрелигача амалда бўлди. Шундай қилиб, И.Каримов 1990-92 йиллар мобайнида нафақат СССРдан чиқиш, яъни Литва (11 март 1990 йил), Латвия (4 май 1990 йил), Эстония (30 март 1990 йил) каби мустақилликни эълон қилиш ва кўпгина бошқа маҳаллий масалаларни муносиб ҳал қилишда ўзининг ўта қўрқоқлигини кўрсатди ва шу сабаб уларнинг ечимлари ҳақида қарорлар қабул қилинишига қаршилик қилиб турди. Оқибатда, мамлакат тарихига жиддий зиён етказган иккита буюк жиноят содир этган бўлди.

    Биринчи жиноят: Юқорида айтилганидек, 1992 йил 8 декабригача Ўзбекистонда совет, яъни ЎзССР Конституцияси амалда бўлган эди. Табиийки, у Конституцияда конституцион тузумни ўзгартириш механизми назарда тутилмаганди. Ўша даврда Республика Компартиясининг 1-Котиби давлат бошлиғи ҳисобланар эди. Конституцияда давлат бошлиғи статуси (мақоми)ни, масалан, президент қилиб ўзгартириш совет юриспруденцияси нуқтаи-назаридан конституцион тузумга тажовуз, яъни жиноят ҳисобланарди.

    Тушунтириш: СССР даврида ҳар бир республика жиноят кодексида "конституцион тузумга тажовуз” моддаси мавжуд эди [масалан, РСФСР жиноят кодексининг 64-моддаси]. Тарихан В.Ленин бошчилигидаги РСДРП (б) партияси 1917 йил 25 октябрь (янги ҳисобда 7 ноябрь)да давлат тўнтаришини амалга оширган ва Россияда амалда бўлган Муваққат ҳукуматни ағдарган. Гарчи совет пропагандаси буни оқласа-да, юридик нуқтаи-назаридан В.Ленин Россия давлат жиноятчиси ҳисобланади. И.Каримов ҳам 1990 йилда Лениннинг ўша жиноятини Ўзбекистонда такрорлади. У, 1990 йил 24 март куни конституцион тузумни ўзгартириш механизми назарда тутилмаган Конституцияга зид ўлароқ ўзини Олий Кенгаш томонидан Ўзбекистоннинг президенти деб эълон қилишга эришди.

    Иккинчи жиноят: И.Каримов, Ўзбекистонда "Милиция ҳақида” ва "Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) ҳақида”ги қонунларни қабул қилдирмади. Бундай қонунлар мамлакатда ҳозиргача йўқ. Давлатнинг ҳар қандай ташкилотининг фаолияти қонуний ҳисобланиши учун мамлакатнинг қонунчилик органи бўлган парламент бу ташкилотлар ҳақида қонун қабул қилиши шарт. Милиция ва МХХ мамлакат давлат тизимининг энг асосий қисм (ташкилот)лари – бири жамоат тартибини, иккинчиси давлат хавфсизлиги учун жавобгар бўлса-да, ҳар иккаласи Ўзбекистонда қонунчилик майдонидан ташқарида, яъни ноқонуний ташкилотлардир.

    Оддий тил билан айтганда И.Каримов салкам чорак аср давомида мамлакатни ноқонуний ташкилотлар ёрдамида бошқариб келмоқда. Бу ташкилотлар ҳатто юридик шахслар ҳам, ҳуқуқ субъекти ҳам, давлатнинг юридик шахслар ягона реестри (рўйхати)га киритилган ҳам эмас. Янада оддийроқ айтганда бу икки ташкилот қип-қизил қароқчилар ташкилотларидир. Демак, Ўзбекистонда ҳукумат эмас, балки қароқчилар ва уларнинг бошлиғи халқ устида ҳукм юритишмоқдалар. Келтирилган воқеаларнинг ҳар иккаласи ҳам Ўзбекистонда И. Каримов тарафидан мудҳиш жиноят содир этилганини кўрсатади. Хулоса: И.Каримов ҳокимият тепасига келишдан аввал иккита мудҳиш жиноят содир қилиб бўлган буюк жиноятчи эди. Демак, унинг давлат бошига келиши, қуролли қароқчиларнинг ҳокимиятни истило қилиши шаклида тасниф (классификация) қилиниши керак.

    АКУЛА ЛАҲЗА ҲАМ ТЎХТАЙ ОЛМАЙДИ, АКС ҲОЛДА У ЎЛАДИ. Дунгизчиларнинг кузатувларига кўра акула бир лаҳза ҳам ҳаракатдан тўхтай олмас, акс ҳолда дарҳол ўлар экан.

    Ислом Каримов давлат бошлиғи сифатида иқтисодий, ижтимоий ва бутун умумдавлат сиёсий масалаларида ўз фаолиятини тинимсиз мустабидлик асосига қурди. У давлатнинг ҳар бир қонуний ва ноқонуний ташкилотларини акула каби тинимсиз, тўхтамасдан ҳаракатланиш ва "ўлжаси-қурбони”ни овлашга мажбур қилди. Натижада, у ташкилотларнинг ҳар бири ишлаш, яъни ҳар кунлик ишларини, махсус вазифаларини бажариш, яъни – давлат ҳужжатлари билан ишлаш, фуқароларни қабул қилиш, уларнинг муаммоларини ечиш, лойиҳалар тайёрлаш, тушлик қилиш, хат қабул қилиш ёки жўнатиш, бирор ишлабчиқаришни бошқариш ва бошқа шу кабилар ўрнига қуйида келтирилган ЖИНОЯТларнинг камида биттаси, аслида бир нечаси, ҳатто ҳаммаси билан доимий, тинимсиз, бир он ҳам тўхтамасдан шуғулланадиган ташкилотларга айланишди.

    Муҳтарам ўқувчи, биз жиноятлар ва уларни содир этаётган акуласифат ташкилотлар орасидаги муносабатни ушбу схема "Жиноят → Содир этувчилар” кўринишида сизга тақдим этамиз:

    (а) Халққа муттасил босим ўтқазиш → Президент ва унинг аппаратидан тортиб барча давлат структуралари;
    (б) И.Каримовни улуғлаш, аҳолини чалғитиш, алдаш, аҳоли орасида ёлғон ва иғво тарқатиш, ҳақиқатни инкор этиш, ноқонуний қарор ва ҳукмлар чиқариш → Оммавий ахборот воситалари, барча ҳуқуқ-тартибот органлари, суд;

    (в) Пойлаш, мажбур қилиш, уриш, сўкиш, қўрқитиш, шантаж қилиш, таҳқирлаш, қамаш, қийноққа тутиш, ўлдириш → Прокуратура, милиция, МХХ, Жазони ижро этиш системаси ва барча турдаги ҳокимиятлар;

    (г) Турли хил уйдирма ҳодиса ва воқеалар баҳонасида пора ундириш, аҳолининг мол-мулки ва тижоратини тортиб олиш, мамлакатнинг ерости ва ерусти бойликларини талаш → Президент ва унинг аппаратидан бошлаб барча ҳуқуқ-тартибот органлари, суд, ҳокимиятлар ва бошқа баланд-паст давлат идоралари;

    (д) Мамлакат бўйлаб юзминглаб аҳолининг уй-жойлари тамомила ноқонуний бузилди. Уларнинг 1 (бир) фоизига ҳам муносиб уй-жой берилмади. Ўзбекистоннинг 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Конституциясига И.Каримов ташаббуси билан инсоннинг муносиб уй-жойга эга бўлиш ҳуқуқи киритилмади. Бироқ уй-жойи бузилган оилага муносиб уй-жой ёки муносиб компенсация (товон пули) берилиши керак (қонун бўйича). Берилиши лозим бўлган уй-жой ва компенсация пуллари ўзлаштирилди → Президент ва унинг аппаратидан тортиб суд системаси ва туман ҳокимларигача;

    (е) Мажбурий меҳнат – мактаб, лицей ва коллеж ўқувчилари, олий ўқув юртлари талабалари, тиббиёт ходимлари, ўқитувчилар ва бюджетдан маош олувчи бошқа соҳа вакилларининг, уларнинг истагига қарши, иш жойларидаги фаолиятларини ноқонуний тўхтатган ҳолда оммавий меҳнатга жалб қилиш → Президент ва унинг аппарати, Вазирлар Маҳкамасидан тортиб туман ҳокимиятларигача барча структуралар;

    (и) Ишсизликни атайлаб ташкил қилиш. Мамлакат аҳолисининг 20% ишга яроқли қисмини иш излаб бошқа давлатларга чиқиб кетишга мажбур бўлиш ҳолатига тушириш. Энг оғир даврларда ҳам ўзбек жамиятида кузатилмаган ижтимоий-ахлоқий ҳодиса – фоҳишалик билан пул топиш мақсадида ўзбек аёлларининг чет давлатларга чиқиб кетиши учун муҳит туғдириш → Президент оиласи ва Давлатнинг барча идоралари;

    (к) Демократик жамият асоси бўлган мухолифат, ҳурфикрлилик, эркин матбуот ва адабиёт, ҳақиқий кўппартиявийлик, эркин сайловларни таг-томири билан йўқ қилиш → Президент ва Давлатнинг барча идоралари;

    (л) Миллатнинг минг йиллар давомида ахлоқий-ижтимоий асосини шакллантирган Ислом динига қақшатғич зарба бериш. Халқнинг кучга тўлган, юксак ахлоқли, илму билимли, иродали ўнминглаб ўғил-қизларини узоқ муддатли қамоқларга ташлаш. Мамлакатда сохта исломчилик муҳити туғдириш учун ҳукуматга елиб-югуриб хизмат қиладиган сохта муфтий ва имомлар сулоласини ташкил қилиш → Давлатнинг барча идоралари.

    Шу саналган тартибда изга туширилган бузуқ сиёсат салкам чорак асрдан бери давом эттирилаяпти. Бу сиёсат халқнинг қон-қонига сингдирилди, десак ҳам бўлади. Давлат тизимининг барча пағоналарида пасту баланд мансабдорлар, катта-кичик ходимлару мулозимлар шунга ўргатилди. Қисқаси, давлат сиёсати шундай доимий айланадиган чархифалак ҳолига келтирилди-ки, у жиноят содир қилмай бир зум ҳам фаолият қила олмайдиган ҳолга келтирилди. Борди-ю бир фалокат рўй бериб у жиноят содир қилишни тўхтатса, тамом, ҳамма нарса битади – акула каби бу система ҳам дарҳол ўлади. Бу – ёлғонлар ва мустабидликка асосланган Каримов феноменидир. Каримов феноменини белгилайдиган асосий қирра шундан иборат-ки, юқоридагилар пастдагиларга ёлғон гапирадилар ва улардан ҳам ёлғонни талаб қилишади, оқибатда пастдагилар ҳам юқоридагиларга ёлғон гапирадилар. Ҳукумат ўз мулозимлари ёрдамида жамиятни ёлғон гап ва ёлғон ишюритишга ўргатади. Афсус, бугун Ўзбекистонда – бизнинг қадрли Ватанда сиёсий система (режим) чархи ана шундай шаклда айланиб турибди.

    2 октябрь, 2013 й. Норвегия – Франция

    (Давоми бор)

    Манба : qoplonbek.wordpress.com
    Просмотров: 773 | Добавил: hamkorlik | Теги: Фикрлар, Ўзбек мухолифати | Рейтинг: 0.0/0
    Всего комментариев: 0
    Имя *:
    Email *:
    Код *: