Среда
17.04.2024
01:37
Форма входа
Поиск
Календарь
«  Сентябрь 2013  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
30
Архив записей
Наш опрос
Оцените мой сайт
Всего ответов: 4
Мини-чат
Қўшимча сайтлар
  • Ўз сайтингизни яратинг
  • BBC ўзбек хизмати
  • Озодлик радиоси
  • Насрулло Саййиднинг блоги
  • Инструкции для uCoz
  • Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0

    "Ҳамкорлик" жамғармаси

    Главная » 2013 » Сентябрь » 6 » Кечаси эшик қоққанлар ким бўлди?
    08:36
    Кечаси эшик қоққанлар ким бўлди?
    Бугун,2013 йилнинг 4 сентябрдан 5 сенябрга ўтар кечаси,маҳаллий вақт билан  тунги соат 5 дақиқа кам  24.00 ларда ногоҳон уйимиз эшиги қаттиқ таққиллади.

    Катта қизим билан турмуш ўртоғим Самарқандга кетишганди.

    Уйда качик қизим билан ёлғиз эдим.

    Эшикнинг кутилмаганда зарб билан таққиллашидан чўчиб тушдик.

    Аввалига хўжайним келдимикин деб ўйладим.

    Бироқ,одатда турмуш ўртоғим кела-кела йўл-йўлакай "Мен келдим,” деб қўнғироқ қилиб қўядиган одатлари бор эди.

    Секингина умр йўлдошимнинг рақамини тердим:"Эшик ортидаги одам сиз эмасмисиз?” сўрадим иккиланиб.

    "Йўқ,мен дам олаяпман. Тинчликми?” гўшак ортидан хўжайнимнинг уйқусираган овози эшитилди.

    Билдимки,улар эмас.

    Эшикни жон-жаҳти билан ураётган одам эса бас қилай демасди.

    Секингина эшикка яқинлашиб,"глазок”дан қарадим.

    Бирор кишининг қораси кўринмасди.

    Чақирилмаган "меҳмон” ўзини "глазок”дан  панага олиб турарди.

    Ҳеч зоғ кўринмаганлиги сабабли,ярим тун эмасми,мен ҳам "Ким у?” деган саволни бермадим.

    Эшик ортидаги одам (эҳтимол,одамлардир?) "Очинг,бу менман” демади,ўзини таништирмади. Бироқ уйимнинг эшигини бузгудек уришини қўймади.

    Ярим тун. Айниқса,кўп қаватли уйларда ярим кечаси эшикнинг оҳиста чертсангиз ҳам  овози оламни бузади…

    Бироқ улар шунчаки чертишмасди,темир эшикни тарақлатиб уришардики,эшикнинг ҳар тарақа-туруқ қилиши беихтиёр юракка ваҳима соларди.

    Афтидан эшигимизнинг ваҳимали таққиллаши қўшниларимизни ҳам бедор қилгандек эди…

    Бу ҳолат 20 дақиқа давом этди.

    Ниҳоят бўлажак куёвимга (катта қизимнинг бошини боғлаб қўйган йигитга)  қўнғироқ қилишга мажбур бўлдим.

    "Кимдир эшигимизни бузгудек қилиб ураяпти” дедим секингина.

    "Ҳозир етиб бораман” деди куёвбола. Бахтимга у ҳам ўзимизнинг мавзеда,яқинроқда яшарди.

    Эркак киши,барибир эрка-да.

    Кўп ўтмай телефоним жиринглади.

    "Ойи,бу менман,эшикни очинг” деди таниш овоз.

    Эшикни очдим.

    "Чор-атрофда бирор бир шубҳали кишиларни кўрмадингми?” сўрадим бўлажак куёвимдан.

    "Йўқ,фақат подъездингизнинг тагида некция русумли милиция машинаси турган экан. Иккита формали чиқиб ўтирди-да,дарахтлар тагида бироз кутиб тургандим,милиция машинаси ҳозиргина чиқиб кетди. Эҳтимол,эшигингизни урганлар ўшалардир? "02” га қўнғироқ қилмаганмидингизлар мабодо?” деди куёвим.

    "Ажабо,алламаҳалда милиция ходимларининг нима ишлари бўлиши мумкин менда? Йў-ўўўқ,биз "02” рақамини терган эмасмиз”,жавоб қилдим ажабланиб.

    Куёвим кетгач,ўйга толдим:"Энди нима қилсам экан? "Ярим тунда милиция ходимлари эшигимни бузгудек қилиб қўрқитди” дея милицияга қўнғироқ қилсаммикин?” деган хаёлга ҳам бордим. Лекин фойдаси бўлармикин?

    Ўзи бугун кун бўйи "ОШ” акциясини ўтказамиз дея айнан ана шу милиция ходимлари-ю фуқаро кийимидаги қандайдир кишиларнинг қуршовида,кузатувида бўлгандик.

    Чор тарафимизда изғиб,роса видеога олишганди,расмларга туширишганди.

    "ОШ” тадбирига оқ кийиниб келган фуқароларнинг ўтакасини ёришганди.

    Охийри яқин мавзелардан бирининг ичига кириб кетиб,кўп қаватли уйлар оралаб,милиция ходимларидан аранг қутилиб қолгандик….

    Энг қизиғи,атрофимизда текин "тан соқчилар”имизнинг кўплигидан,  "Бухоро ва Навоий сафаридаги каби қўлимдаги суратлардан айрилиб қолмасайдим?” деган ҳадикда расмларни манзилга етказиш мақсадида таниқли ҳуқуқбон Елена Урлаева,Татьяна Давлатовалар билан энг яқиндаги интернет клубга киргандик.

    Буни қарангки,интернет кафе мижозга лиқ тўла. Бироқ биз киришимиз билан интернет ҳам узиб қўйилди.

    "Қачон ишга туширасизлар?” деган саволимизга администратордан "Билмадик.  Аниғидан ўзимиз ҳам бехабармиз” деган жавобни олдик.

    Ўзи кун бўйи ОШ акциясини ўтказиш жараёнида ички ишлар ходимларининг кузатувида қочиб юрган одам ярим тундан ошганда ўз ихтиёрим билан уйимга милиция ходимларини кўмакка чақираманми? Ёмғирдан қочиб,дўлга тутиламанми?

    Нима бўлган тақдирда ҳам ИИБ ходимлари ярим тунда  нима учун уйимга ташриф буюришгани мен учун мавҳумлигича қолмоқда.

    Аммо шуни аниқ айтишим мумкинки,эшикни бузгудек уришларига қараганда авзойлари чатоқ!

    Ўзи шусиз ҳам қуш уйқу одам эмасманми,уйқум ўчиб кетди.

    Мана,тонгги соат 4.00. Ў-ўўўтирибман қизимни қўриқла-аааб…Аслида,ҳар бир бандани Худонинг ўзи қўрисин!

    Тунги "ташрифчи”лар нега келишди,нимага ишорат қилмоқчи бўлишди,билмадиму,куч ишлатар тизимлар бирор бир шумликни ўйлаб қўйгани аниқ.

    Акс ҳолда ярим кечаси келиб эшигимни қаттиқ қоқмаган бўлишарди….

    Ажабо,тағин бу нимаси бўлди экан? Қутқу солишнинг навбатдаги кўриниши эмасмиди бу?

    Энди куч ишлатар тизимлар кишиларни қўрқитишнинг кечалари эшик қоқиш усулини ўйлаб топишибдимикин ё? Ёки бу ерда бошқа бир гап бормикин?

    Нима бўлган тақдирда ҳам,"ОШ” тадбиримизни барбод қилишмаса,халақит беришмаса бўлгани.

    Ҳали олдинда "ОШ”имизнинг яна 5 куни бор. Хавотирим ана шундан.

    Вақт ғаниматида,сиз –ватандошларимни "ОШ” тадбиримизга  таклиф қиламан ва  "Инқилобий босқичлар” акциясида барчангизни кутиб қоламан. Иштирок этинг ва ғолибга айланинг!

    Эртагача омон қўйишса,"ОШ” да учрашармиз…Кўришгунча!

    Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

    "Бирдамлик” Халқ демократик Ҳаракати Ўзбекистон бўлими етакчиси

    Манба : birdamlik.info
    Просмотров: 622 | Добавил: hamkorlik | Рейтинг: 5.0/1
    Всего комментариев: 0
    Имя *:
    Email *:
    Код *: