Вторник
16.04.2024
21:52
Форма входа
Поиск
Календарь
«  Октябрь 2013  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
28293031
Архив записей
Наш опрос
Оцените мой сайт
Всего ответов: 4
Мини-чат
Қўшимча сайтлар
  • Ўз сайтингизни яратинг
  • BBC ўзбек хизмати
  • Озодлик радиоси
  • Насрулло Саййиднинг блоги
  • Инструкции для uCoz
  • Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0

    "Ҳамкорлик" жамғармаси

    Главная » 2013 » Октябрь » 7 » ТУРКНИНГ ДЎСТИ ТУРКЛИГИ РОСТДИР, АММО ТУРКНИНГ ДУШМАНИ КИМДИР?
    10:03
    ТУРКНИНГ ДЎСТИ ТУРКЛИГИ РОСТДИР, АММО ТУРКНИНГ ДУШМАНИ КИМДИР?
    (Филология фанлари доктори Ботир Норбоевнинг "Бутундунё туркийларининг 3- қурултойи”да турк тилида ўқиб берган нутқининг ўзбекча, қисқармаган нусхаси)

    Азиз қардошларим! 

    Қимматли меҳмонлар! 

    Мен Сизга оталаримиз юрти – Туркистон тупроқларидан қужак дўли  салом галтирдим! Мен Хоразм оғузлариданман! Аммо менга, бу ерда 30 миллион нуфузга эга бўлган Ўзбекистонда яшаётган туркчиларнинг ва 16 миллион нуфузга эга Қозоғистонликларнинг туркчилари номидан гапиришга ижозат бергайсизлар!

    Зеро ўзим Ўзбекистон фуқароси бўлсамда, 14 йилдан бери Қозоғистон жанубида умргузаронлик қилиб келмоқдаман. Бу ўлка ёшларига таълим берароқ сингиган озми-кўпми хизматим бу ердаги туркчиларни ҳам тамсил этишга асос берар, деган умиддаман.

    Камина бугун Хоразмнинг баъзи жойларида мотам тимсолига айланган оқ кийимлар кийдим. Бугун бу ерда Турк Дунёсининг буюк қурултойи ўтаркан, нега мотам тимсоли бўлмиш кийимлар кийдинг, деб ажабланадиганлар ҳам топилар!
    Бунинг жуда кўп сабаблари бор. Улардан айримларини айтай!

    Мен 1989 да Фарғонада ўлган кўп сонли Ахисқа Турклари ва оз сонли Ўзбек Турклари учун, 1990да Ўш ва Ўзганда қурбон бўлган кўплаб Ўзбек ва оз сонли Қирғиз Турклари учун ва бундан уч йил илгари Қирғизистон жанубидаги Ўш ва Жалолобод вилоятларида туркий қирғизларнинг миллатчилари томонидан қириб ташланган кўплаб ўзбеклар ва туркий ўзбеклар қўлида ўлган оз сонли қирғизлар учун мотам либосини кийдим.

    Ажабо, минглаб туркийларнинг ўлимига сабаб бўлган бу уч урушни кимлар ташкил этди? Бу жанжалларнинг бошида ким турди?

    БЎЛ, ПАРЧАЛА ВА ҲУКМРОНЛИК ҚИЛ ТАКТИКАСИ НЕДУР?

    Рус коммунистлари 1920-30 йиллардаёқ "парчала ва ҳукмронлик қил” тактикасини ишга солганлар.
    Шўролар даврига қадар Туркистон тупроқлари ҳамма учун умумий эди. Хива ёки Бухородан йўлга чиққан карвонни Олмаота ёки Бишкеккача ҳеч ким тўхтатмасди. Дошўғиз ва Урганч, Ўш ва Андижон, Хўжанд ва Бекобод, Тошкент ва Чимкент ўртасида чегара йўқ эди.

    Рус коммунистлари бутун Туркистонни беш парчага бўлдилар ва ўзлари билганча чегаралар чизиб бердилар. 

    Профессор Боймирза Ҳайит айтганидек: "1924 йилнинг октябрида Туркистон Мухтор Совет Жумҳурияти, Бухоро ва Хоразм жумҳуриятларига барҳам берди. Уларнинг тупроқлари ва аҳолиси Ўзбекистон ва Туркманистон Совет социалистик жумҳуриятларига, Ўзбекистонга боғлиқ бўлган Тожикистон Мухтор Совет жумҳуриятига, Қора Қирғиз Мухтор вилоятига ва Қирғиз (Қозоқ) Мухтор совет жумҳариятларига тақсим этилди... ” 

    Коммунистлар бўлиниш пайтлари чегараларни шундай чиздиларки, ўзбек қавмларининг бир қисмини Қирғизистонда, Қозоқларнинг бир қисмини Ўзбекистонда ёки ўзбекларнинг бир қисмини Туркманистонда ва ё Қозоғистонда қолдирдилар. 

    Яъни, минг йиллардан бери туркий ўзбеклар ҳам яшаб келаётган Ўш ва Жалолободни Қирғизистонга, ҳозир ўзини ўзбек атайдиган ўғизлар, (хоразмликлар) ҳам яшаб келган Дошўғиз ва Чоржўйни Туркманистонга, қозоқлар яшаб келган Томди, Конимех туманларини Ўзбекистонга, Хўжандни (1936 йилгача Ўзбекистон таркибида автоном бўлган) Тожикистонга "бериб юборишган”. 

    Чунки улар туркийларнинг бирлашувидан ҳайиқишарди.

    Улар туркийларнинг бир пайтлар Турк ҳақонлиги, Салжуклар давлати, Олтин Ўрда, Ўзбек хонлиги, Қозоқ хонлиги, Хоразм ва Амир Темур империясини, Қўқон, Бухоро, Хива, хонлиги каби давлатларни тузишганини ва агар бу миллатлар бирга яшашса, тил бирлиги пайдо бўлишини, қудратли давлат вужудга келиб, ўз ҳақ-ҳуқуқлари учун курашишлари, ҳатто, мустақиллик талаб қилишлари мумкинлигидан ҳайиқишарди.

    Рус коммунистлари бу сиёсатлари билан, гўё чегаралар остига кўзга кўринмас, аммо ўзлари ҳоҳлаган пайтда портлатишлари мумкин бўлган гизли бомбаларни беркитдилар. Туркистон халқлари шўро ҳукуматига қарши ишлар қилса, мустақиллик талаб этса ўша бомбаларни портлатишни режалагандилар. 

    Улар бу бомбаларнинг портлаши оғани- инидан бегона қилишини билишган. Аммо "Ассалом рус халқи буюк оғамиз” деб ашула айтиб юрган бу авом одамлар ўрислар чизиб берган чегараларни ҳақиқий деб билиб, бу ер Ўзбекистон, бу ер Қирғизистон... ва ҳакоза дейишди Деярли барча урушларда, чегарани чизиб берганларнинг кўринмас бомбалари "портлади”: титулли миллатларнинг "бу бизнинг еримиз, қани туёғингни шиққиллат”, деган даъво асосий даъво бўлди. Қардошлик, қондошлик қонунлари унитилди...

    Агар коммунистлар туркий халқларнинг дўсти бўлишганида, бу хил фожиалар келиб чиқмаган бўларди. 

    Қатор-қатор сабаблар туфайли 1989дан бошлаб бу "бомбалар”ни бирин- кетин портлата бошлашди: ўзларининг турклигини, бир ота-онанинг фарзанди эканлигини англамаган, билмаган авом халқ вакилларини усталик билан бошқариб бир-бирларининг устларига ташладилар.

    ФАРҒОНА...
    ФОЖИАЛАРДАН БИРИ…

    Албатта, Туркистонда ХХ юз йилликнинг охири ва ХХI юзйилликнинг бошида бўлиб ўтган бу урушларнинг ўз сабаблари ҳам бор. Айтайлик, 1944 йили фашист Сталин ва унинг ялоқхўри Берия буйруғи асосида моллар ортиладиган вагонларда зўрлаб кўчирилган, йўл машаққатларидан ўлган юзлаб фарзандларини йўлларга кўмиб келган қардошларимиз - Ахисқа турклари ва ўзбек турклари 45 йил тинч-тотув яшаб келишди... 

    Аммо ўз юртини талаб этаётган, мустақиллик учун бел боғлаган миллатларнинг тинчлиги коммунистларга керак эмасди ва улар ўзларининг кирдикорларини амалга ошира бошладилар... КГБ бу ишларни хамирдан қил суғиргандай битирди.
    Улар, аввало,Ўзбекистон халқлари ҳаётидаги бу можораларга йўл очувчи иқтисодий ва ижтимоий асосларни топдилар ва улардан усталик билан фойдаландилар... 

    Ўтган асрнинг 80-90 йилларида Ўзбекистон аҳолисининг асосий қисми ўзининг енгил бўлмаган меҳнати ҳисобига зўрға тирикчилик қиларди. Шўро ҳукуматининг алдовларига деярли тўла ишонган ўзбекларнинг пахтачилик билан банд қисми янада ночор яшар ва нон билан чойга етарли мояна олганига шукур қиларди Онги ҳам шу даражада эди...

    Аммо Шўро ҳукуматидан кўпроқ жабр кўрган ва унинг алдовларига ним табассум билан боқиб турган, советларнинг коммунистик ғояларига камроқ ишонган Ахисқалилар(нинг бир қисми пахтачилик билан ҳам шуғулланишсада)кейинроқ даромади кўпроқ, аммо меҳнати нисбатан енгил ишларга ўргана бошлашди: иссиқхона (парник)ларда помидор, бодринг, болғор қалампири... етиштириб катта шаҳарларда сотишди, савдо соҳасига кўпроқ мослашишгани учун авом ўзбекларнинг камбағал қисмидан тузикроқ яшай бошлашди. Бу уларнинг ҳақ-ҳуқуқи эди.

    Аммо бу ҳол ҳам раҳбариятда бўлган ва бўлмаган ўзбекларга ёқмаган экан. Бошқа қўшни мамлакатларда кам сонли миллатларга қандай қарашса, Ўзбекистон расмийлари ҳам уларга шу кўз билан қарай бошлашди. Масалан, ўзбекистон ҳукуматидагилар ўша пайтлари Ахсиқалиларни мансаб эгалари бўлишларига, ёшларининг катта ўқишларда ўқишларига (ёзилмаган қонунлар асосида) рўйхўшлик бермаганларини кейинроқ менга ҳикоя қилиб беришганди. 

    1985 йилдан бошлаб Ахисқалилар Горбачев берган эркинликлар туфайли сиёсий онгги уйғонгани учун ўз юртлари Месхетияга кўчмоқни орзу этишди, турли ташкилотларга хатлар ёзишди, йиғилишларида она юртга қайтиш ғоясини илгари суришди.

    Шу орада Ахисқалилар ва ўзбеклар ўртасида низо чиқариш ҳаракати бошланганини кейинроқ сезиб қолганмиз...

    Ахисқалиларнинг ва ўзбекларнинг зиёлилари, бир қанча ҳолларда бу нотинчликнинг олдини олишга ҳаракат қилдилар. Шоир ва Ҳофиз Дадахон Ҳасан фарғонага бораркан, ҳар бир йиғинда, тўй маракаларда бу ҳақда ваъз айтган. Бир гал у Қўқондаги энг катта футбол майдонида концерт уюштириб бу икки халқнинг томири бирлиги, қон- қардошлиги ҳақида сўзлашни ният қилган. Кейинчалик каминага ҳикоя қилишича, Фарғонада унинг иштирокида уюштирилган бу концертга Ахисқалилар чақирилган бўлишса-да келишмаган. Бироз ўтиб уларнинг лидерлари Дадахон акага учраб: "бизнинг концертга келмаганимизнинг сабабини тўғри тушунинг, биз ишончли каналлардан худди шу куни КГБ ўзбеклар ва Ахисқа турклари ўртасида уруш чиқармоқчи эканликларини билиб қолдик ва келмадик”, деб узр сўрашган...

    Аммо асосий халқ онгсиз бўлса, бу ерда муқим яшаб келган халқлар ўзининг ёмон яшаётганининг сабабини бошқа халқлардан кўрса, авом аҳоли ўртасида уруш чиқариш ва буни бошқариш КГБга чўт эмас экан. Буни у 1989даги Фарғона фожиалари пайтида ҳам, 1990даги Ўш - Ўзган фожиалари пайтида ҳам (афсуски) исбот қила билди...

    1989 майида пивохона олдида икки ёш бошлаган жанжал эртасигаёқ қонли тус ола бошлади. 

    Йўқ, ўз-ўзидан бундай бўлмади. Бу жанжални кўрган КГБчилар икки халқ орасида: гўё фарғонали туркий ўзбеклар Ахисқа туркларининг болаларини ўлдиришаётгани, куйдиришаётгани, ҳатто паншахаларда бошлари бўйи кўтариб юришгани ҳақидаги сохта "фото”ларни, варақаларни тарқатдилар... Фарғоналикларнинг онгсиз қисмига (афсуски ўша пайтда улар оз эмас эдилар) уларнинг камбағаллигининг сабаби туркларнинг бу ерда яшаётгани дея тушунтирилди ва баъзилари бу гапга лаққа ишонишди

    ... Таниқли кинорежиссёр ва оператор Абдулазиз Маҳмуд урушдан бироз ўтиб олган видиолавҳаларда фарғоналик ўзбекларнинг вакиллари ўзларининг чалдеворларда, чор-ночор яшашётганию, турк биродарларнинг шаҳона уйларда истиқомат қилганларини иддио этишади...

    КГБ сохта фотолар тарқатиш билан бирга, Ахисқали ёзувчи биродаримизнинг бизга маълум қилишича, қомоқхоналардаги жиноятчиларни ҳам олиб чиқиб, ўзбекча кийинтириб туркларга қарши қўйишган... 

    Сўнг, ўша турк ёзувчиси Миржавод Ахисқалининг гувоҳлар орқали аниқлашича, шу варақа ва сохта фотолардан кейин болалар (албатта КГБ айғоқчилари тамонидан) ростдан ҳам ўлдирилган. Кўплаб уйларга ўтлар қўйилган. Шу тариқа Ахисқа туркларидан кўпроқ, ўзбеклардан камроқ одамлар ҳалок бўлган...

    Ўша пайтда бу ишнинг бошида КГБ турганининг аниқ далили: спортчилар кийимини кийган ёш-ёш йигитлар ҳали минилмаган? Яп-янги мотоцикларда туманма-туман юриб, туркларни бу ерлардан кўчишга даъват этишганини фақат фарғоналиклар эмас, Сирдарёлик, Самарқандлик ва Каттақўрғонлик ўзбеклар ҳам билишади. 

    Биз ўнга яқин зиёли 90 йилнинг май ойи бошларида Ўзбекистон Вице примери Шукрулло Мирсаидов (жойи жаннатда бўлсин)нинг олдига кирганмиз. Ўша кунлари Ўш ва Ўзгандан эндигина ёмон хабарлар келаётган эди. Шахсан ўзим Сирдарёдаги туркларни кўчирмасликларини у кишидан илтимос қилиб, турк талабаларим ёзиб берган аризани топширганман. Аммо у киши: "Энди ғишт қолипдан кўчди, турк биродарларимизнинг асосий қисми кўчди, булар ҳам кетаверсин”, дедилар ва энг қизиғи Бирлик халқ ҳаракатининг ўша пайтдаги раиси А. Пўлатов ҳам шу фикрда эканлигини баён этди. Мен жим қолишга мажбур бўлдим...

    ЎШ-ЎЗГАН ФОЖИАСИ...

    1990 йил май ойининг бошларида Ўш ва Ўзганда ҳам айни сценарий ишга туширилди. Ўша пайтдаги Қирғизларнинг коммунист раҳбарлари икки халқни бир-бирига гиж-гижлашган, уришнинг бошида туришган.
    Бизга маълум бўлишича, Ўш-Ўзган қирғинидан олдин ўша жойдаги раҳбарлар ўзбекларнинг ов қуролларини йиғиб олишга фармон берганлар ва бу иш амалга оширилган. 

    Сўнг эса, оқ ва қизил читлардан минглаб бош боғлағичлар (ўзбек аёллари ҳам ишлаётган цехларда!) қирғиз расмийлари томонидан тиктирилган.
    Қирғиндан бир кун олдин кечаси ўзбекларнинг (қирғиз ёшлари ёқиши керак бўлган) уйларининг эшикларига латталар осилган ва эрталаб худди шу уйларнинг аксарияти ёқилган.

    Бу қирғиннинг ташкилотчилари қирғиндан сал олдинроқ бошқа бир манзилда кўпкари ташкил этганлар ва қирғиз ёшларига инсоннинг ҳисси ва хирсини кучайтирадиган суюқлик қўшилган спиртли ичимликлар берилган. Ўш ва Ўзгандаги қизларнингваҳшиёна зўрланиши шу ичимликлар билан ҳам боғлиқ...

    Бундан ҳам қониқмаган баъзи раҳбарлар Давлат автомобил назорати машиналарини ишга солиб, Ўш ва Ўзгандаги қирғизлар яшайдиган маҳаллаларга бориб, қирғиз тилида гўёки, ўзбеклар қирғизларга ҳужум уюштириш учун келишаётгани, огоҳ бўлиб, қуролланиб туришлари лозимлигини тарғиб қилганлар.

    Ҳатто қирғиз жангарилари йиғилиб турган жойларга верталётлардан қуроллар ташлашгани ҳақидаги фактларни Абдулазиз Маҳмуд видиога олган. (Биз бу видионинг икки дақиқалик бир парчасини Дунё Турклари Қурултойи қатнашчиларига кўрсатишга муваффақ бўлдик.)

    Шу тариқа бу урушда кўплаб ўзбек турклари ва қисман қирғизлар ҳам ҳалок бўлдилар.
    Аммо афсуски, Ўзбекистоннинг Фарғонасида Ахиска туркларини маҳв этишда қатнашганлар "топилмаган”и, судланмагани ва жазоланмагани каби Қирғизистондаги 1990 йилги қирғиннинг қирғиз ташкилотчилари, иштирокчилари ҳам топилмадилар ва жазоланмадилар. Ҳар ҳолда улардан кимлар қамалгани ёки жазолангани жамоатчиликка маълум эмас...

    Туркияга келиб бир дўстимиздан "Туркнинг дўсти турк, аммо унинг душмани ҳам турк”, деган даҳшатли мақолни эшитдим. Буни нақадар ҳаққоний эканлигини билмадим, аммо (тор миллатчилик қонига сингиган) туркийларнинг ичида бир-бирига душманлик қиладиганлар ҳам борлиги юқоридаги фактлардан ҳам маълум.

    ЎШ-ЖАЛОЛОБОД ФОЖИАСИ

    Ажабо, туркийларни бир-бирини қатл этиши учун (1989 ва 1990 даги каби) коммунистик ҳукумат шарт эмас экан. Шўролар ишлатган найрангларни ҳукуматлар (бу аснода қирғиз ҳукумати) ҳам ишлатаоларкан...

    Маълумки, ўшлик ўзбеклар азал-абаддан шаҳарда яшашгани (ва худди Ўзбекистондаги Ахисқалилар ҳақида айтганимиздек, савдо сотиққа яқинлиги, деҳқончилик ва қурилишда, ремонт ишларида уддабурролиги учун 2000-2010 йилларда ҳам қирғизлардан тузикроқ яшашарди. Ҳукуматдагилар эса ўзбекларнинг "қирғизлар ватани”да яхши яшаётганини, шунинг ҳисобига улар "ўз ватанида келгинди каби умр суришаётгани”ни дақиқа сайин урғулаб туришган.

    Россиялик олим Игор Савин оператор ва режиссёр А. Маҳмудга берган интервьюсида айтганидек: "Сенинг оғир ҳаётингга порахўр амалдор - ўзингнинг қирғизинг айбдор, ёки бизнесменинг ёхуд жиноятчи каззобинг айбдор деб тушунтириш учун, кўряпсизки, қанча сўз ишлатиш керак?! Ўзбеклар ҳамма жойни эгаллаб олди, дейиш эса осон бўлган....» 

    2010 йили апрелида Қирғизистон президенти Қ. Бакиев иқтидордан кеткизиларкан, Бюджетдаги пулларни ўмаришганди. Ҳуқуқ ҳимоячилари ва баъзи журналистлар ҳам айтганидай, Бакиевни ағдарганларнинг ўз миллатига яхши кўрингиси келиб қолган. Бу миллатчи унсурлар ўз халқига яхшироқ шароит туғдириб обрў қозонмоқчи бўлишган: Ўш ва Жалолободдаги ўзбекларни камайтириш, уларнинг мол-мулкларини тортиб олиб ўзларига ва бошқа қирғизларга бериш улар учун осон йўл бўлган.

    Бунинг устига қирғиз медиясининг бир қисми Ўзбекларнинг мухторият талаб этаётгани, ўзбек йигитлари қирғиз талаба қизларини зўрлаганликларини эълон қила бошлаган. Ҳатто бу "зўрлаш”ни тасвирлайдиган сохта видиороликларни ҳам тарқатишган. Ва уларни қирғиз ёшлари қулоғига етказишган.

    Бу хил алдовларга ишонган Олойлик ва бошқа қишлоқлик ёшлар тоғдан тушиб келганлар ва катта уруш бошланиб кетган. Уларга ҳарбийлар ва бошқа раҳбарлар қурол, ҳатто бронотранспортёрлар берганлиги ҳақида фактлар ва видиолар бор. (Бу ҳақдаги икки дақиқалик парчани Қурултой ташкилотчилари ҳам кўришди)

    Шу тариқа қуролсиз туркий ўзбекларга қуролли туркий қирғизларнинг босқини бошланди. Ўзбеклар ўз кўчаларига турли ёғочлар, шох шаббалар, баъзи жойларда камазлардан тўсиқлар қураркан, ҳарбийлар миниб олган бронотранспортерлар бу тўсиқларни ёриб ўтиб қуролланган ёшларга йўл очиб беришди. Шу тариқа туркий ўзбеклар кўпроқ ўлдирилган, уларнинг уйлари, тўйхона ва кафеларини ёқилган.

    Бу урушда, халқаро комиссиянинг ҳисоби бўйича ҳар икки томондан 470 (норасмий манбаларнинг айтишича мингдан зиёд) киши қурбон бўлди. Қурбон бўлганларнинг 90 фоизини ўзбек туркийлари эканлигини ҳам аниқлашди. 

    Халқаро комиссия ўзбек йигитларининг қирғиз талаба қизларини зўрламаганликларини ва ўзбеклар мухторият талаб этмаганлигини ҳам аниқлади ва маълум қилди.

    Афсуски, бу қатлиомни Туркий ва Туркий бўлмаган давлатларнинг раҳбарлари, ҳатто, Бирлашган миллатлар ташкилоти, Европа Иттифоқи жимгина томоша қилишди ва ҳозирда ҳам томоша давом этмоқда.

    Уч йилдан бери Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари (м-н: Равшан Гапиров), журналистлар (Решит Музаффаров, Шамсиддин Маҳамадалиев,) қирғиз ҳукумати ўзбекларнинг ҳуқуқларини ҳимоя этмаганликлари (шу бугунги кунда ҳам), жойлардаги қароқчи тўдалар кам сонли миллатларнинг уйларига, ишхоналарига босқин ясашаётгани, ҳатто одамларни уриб ўлдираётганини кўплаб аниқ мисоллар асосида ёзишмоқда. Равшан Гапиров, Решит Музаффар, Шамсиддин Маҳамадалиевларга қарши ёзилаётган мақолаларда эса далил, ибот йўқ...

    Қирғизистоннинг ўзини туркчи деб биладиган президенти ҳам бу нохуш ҳодисаларга панжа орасидан қарамоқда. Шунинг учун Қурултой номидан А. Атамбаевга ҳам уни инсофга чақирувчи бир мактуб ёзишни тавсия этган бўлардим...

    Бу сўзларни сўзламак, бир туркчи сифатида менга оғир. Афсуски, Туркистондаги бу аҳвол ҳақида бутун дунёда, шу жумладан, Туркияда ахборот жуда кам...

    Туркистон туркийлари, ҳатто ўзларини туркийларга, туркчиликка мансублиги ҳақида сўзлаётган Жанубий Қозоғистонлик ўзбеклар ва қозоқларининг асосий қисми ҳам Жанубий Қирғизистонда хор-зор бўлган ўзбек туркийларига чин дилдан қайғураётганлари йўқ...

    Бу ҳақиқатларни мумкин қадар билдирмоқ, англатмоқ учун биз бир қозоқ орқадошимиз - Сейтбой Байдуллаев билан биргаликда айрим хайрсеварларнинг ёрдамига таяниб "Туркистон тонги” , «Typkictaн тaнi» номли қозоқ ва ўзбек тилларида ёйинланадиган икки газета очдик. 

    Газетамизнинг шиори: "Миллат кўпдир Туркистонда, ери, суви, нони бир, Ватан битта, томир битта, демак улар қони бир!”

    Биз газета таъсисчилари: Сейтбой Байдуллаев ва мен, Ўзбекистонга қарашли Чирчиқда, чегарадош Ялламада, Сайрам туманига қарашли Қизилқишлоқ, Пахтазарбдор, Ленгер ҳудудларида катта-кичик мажоролар бўлиб ўтганини, ҳар икки томон кучишлатар тизимлари бу мажороларни оқилона бостиришганини яхши биламиз. 

    Шунинг учун ҳам авом ўзбеклару авом қозоқлар онгидаги "бу менинг ерим”, "у сенинг ватанинг” деган фикрни қувиб чиқармоғимиз, қадим Туркистондаги ҳамма қавмлар ва шу ерда яшаётган фуқароларнинг ери деган Инсонпарварлик ғоясини ёймоғимиз зарурдир. 

    Орзуимиз, ҳеч бўлмаса Туркистон ўзбеклари ва қозоқлари ўзларининг қон-қардошлигини англасинлар, бир-бирига қарши қурол ўқталмасинлар. Катта мақсадимиз эса, Туркистон, Турон бирлигини қуриш йўлида ишламоқ, кимнинг қайси қавмдан эканлигига қарамасдан ҳоҳлаган жойида яшаш ҳуқуқига эга бўлган Европа Иттифоқига ўхшаш иттифоқни қурмоқдир... 

    Шу маънода биз Озарбайжонлик биродарларимизнинг Туркий миллатларнинг маънавий давлати қуриш кераклиги ҳақидаги таклифларини қўллаб қувватлаймиз. 

    Шунингдек, Қозоғистон, Туркия, Қирғизистон Озарбайжон ҳукуматлари иштирокида тузилган ТуркПА (Турк парламент ассамблеяси) ва Турк Кенгаши (ТуркСОЙ) ташкилотларини ҳам қўллаб-қувватлаймиз. Туркийларнинг ягона байроғи таъсис этилганини муборакбод этамиз.

    Бу ташкилотлар йиғилишининг ўтган йилги мажлисида Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Оқ денгиз ва Олтой оралиғида яшайдиган турклар бирлашса таъсирли бир давлат юзага келиши ҳақида гапирганди. 

    Бу йил эса, Туркия президенти Абдуллоҳ Гул "Етти давлат - бир миллат” ғоясини илгари сурди. Биз Қозоғистон ва Туркия президентларининг бирлашув ҳақидаги ғояларини жон-танимиз билан қўллаб қувватлаймиз. 

    Туркистондаги 4 ўлка билан бирга Озарбайжон, Туркия ва Қибриз бир бўлмоғи, улар федерация ёки конфедерация шаклида иқтисодий, сиёсий алоқалар қилмоқлари лозим. Айни замонда, Турксой ташкилотининг алифбе бирлиги, тарих ва адабиёт бирлиги йўлидаги ишларига қўлимиздан келгунча ёрдам бермоғимиз зарур.

    Ҳозир дунёда глобаллашув жараёни кетмоқда. Аммо баъзи буюк қўшниларимизнинг миллатчилари туркийларнинг бирлашишга қарши чиқмоқдалар... 

    Эски совет ўлкалари Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистон давлат раҳбарларига осон эмаслигини, Ўзбекистон ва Туркманистон раҳабарияти буюк давлатлардан истиҳола қилароқ Турк бирлиги муамолрига бағишланган йиғилишларга қатнашмаётганларининг сабабини ҳам биламиз. Шу учун, улар халқнинг иродасига таянишлари лозимлигини эслатиб, Туркманистон ва Ўзбекистон президентларига қурултой номидан хат ёзмоқни таклиф этмоқчиман.

    ХХ юз йиллик бошларида Туркистонлик адиб ва имом Беҳбудий "Халқларимизнинг маънавиятини юксалтмак учун зиёлилар ва зангинларнинг бирлиги зарур”, деган фикрни илгари сурганди.

    Ўзбек, Турк, Озарбайжон ва бошқа туркийларнинг ишбилармонлари, бизнесменлари ичида миллардерлар, миллионерлар оз эмас. Улар қондош ва жондош қавмларни билаштириш, қон тўкилишини олдини олиш учун зиёлилар билан бирга мужодала этмоқлари ўта зарур.

    Бизнинг бизнесменларимиз, ўзлари кичкина халқ бўла туриб миллардлаб халқларни бошқараётган миллатлар ҳақида жўшиб сўзлашади. Бу хил "бошқарув"лар зиёлилар ва ишбилармонлар бирлиги туфайли пайдо бўлиши мумкинлигини ҳам сезишади. Аммо зангинлар зиёлиларни дастакламакка навбат келганда билганларини унутишади. 

    Ажабо,Наҳотки, бизнинг тижоратчиларга. ишбилармонларимизга халқларимизнинг тинчлиги керак эмас!? Агар, худо кўрсатмасин, элда нотичлик бошланса биринчи навбатда уларининг жони ва молига ўт кетиши мумкинку, дея ҳайратланамиз... 

    Ноширлар ўзларига уч тўртта зиёли ва хайрпарваргина озми - кўпми ёрдам бераётганидан, ададни ва саҳифаларни кўпайтириш имконияти йўқлигидан ажабланишмоқда.

    Агар зангинлар ва зиёлилар бир бўлмаса ҳамма гапларимиз, шу жумладан, ўтказилаётган қурултойларимиз ҳам ҳавода қолажакдир.
    Зотан, туркий ойдинлар ва зангинлар бир бўлса, газета ва журнал, радио ва телевидениедан бошқа ташкилий ишлар ҳам кўп.

    Биринчи навбатда Туркистондаги тўрт республикада, Туркиянинг ўзида, Қибризда, Озарбайжонда марказлар очмоқ ва бу марказларда одамлар муттасил ишламоқлари керак... 

    Азиз қардошларим!

    Бундан юз йил аввал бизнинг оталаримиз бирлашиш ғоясини майдонга ташлаган эдилар, орадан юз йил ўтди, аммо туркийлар бирлашмади. Бугун биз яна ўша ғояни илгари суряпмиз. 

    Мен қўрқаманки, орадан яна юз йил кечиб мен каби оқ кийимлар кийган бир зиёли, бирлашайлик, деб даъват этиб турмасмикан!?

    Ажабо, бирлашмоқ шунчалик қийинми? Турк бирлиги амалга ошмаса Озарбайжонликларнинг ҳам Ахсикалиларнинг ҳам, Туркистонликларнинг ҳам муаммолари охиригача ечилмаслигини наҳотки англамасалар?!

    Келажакда Туркистоннинг авом халқлари ўртасида (худди юқорида айтилганлар каби) жанжаллар қўпмаслигига ким кафолат беради? 

    2000 йилда "Жамият ва маърифат”да чиққан бир мақоламда "Туркий халқларнинг ойдинлари учун жонини фидо этишга арзийдиган бир муаммо бор, у ҳам бўлса, туркий бирлик йўлида курашмоқдир”, деб ёзгандим. Ҳозир ҳам шу гапимни такрорлашим мумкин.

    Истагимиз эзгу: Туркистон турклари бир-бирини қирмасинлар, қадим Туронда, бутун дунёда турклар ва мусулмонлар бир-бирини ўлдирмасинлар!
    Туркиялик журналист дўстимиз Исматуллоҳ Яссавий бир мақоласида "Мен ўлсам Турк бирлиги байроғини кафан қилинглар”, деб васият этган. Мен ҳам шу гапга қўшиламан. Зотан турк бирлиги байроғига ўралмоқ шарафлидир! 

    Эътиборларингиз учун кўпдан-кўп ташаккур!!!

    Ботир НОРБОЙ.
    14.09.2013.
    Просмотров: 786 | Добавил: hamkorlik | Теги: Фикрлар, Мурожат | Рейтинг: 0.0/0
    Всего комментариев: 0
    Имя *:
    Email *:
    Код *: