Учрашдик...
Нур эдинг, порлоқ нур эдинг,
Ўн олти ёшингнинг ҳотамлигидан.
Қувондим, суратинг, ажиб суратинг
Хусну малоҳатга ватанлигидан.
Шу дафъа
Шеър туҳфа этсайди илҳом,
Унга «МЎЪЖИЗА» деб қўяр эдим ном...
Учрашдик...
Нигоҳинг не учун ерда?
Нечун чарақламас хуснинг қуёши?
Шўхликлар қаерда? Сеҳр қаерда?
Нима учун эгик латофат боши?
Шу дафъа
Шеър туҳфа этсайди илҳом,
Унга «ГУНОҲ» дея қўяр эдим ном...
Учрашдик...
Сен - сўзсиз...
Мен ҳам сукутда...
Қаро кўзда қаро фарёдлар кўрдим.
Ўзингни «маломат» аталмиш дардда,
Ортингдан
Хуснингга сайёдлар кўрдим.
Шу дафъа
Шеър туҳфа этсайди илҳом,
Унга «ТЕЗ ЁРДАМ» деб қўяр эдим ном...
Учрашдик...
Сен эмас...
Ёдинг-ла ногоҳ...
Эсдалик - бўйнингни сиққан дор қолди.
Улгурмаган эдим тез ёрдамга... оҳ...
Юрагимда армон, нола, зор қолди...
Шу дафъа
Шеър туҳфа этса илҳомим,
«ЭЗГУЛИККА ШОШИЛ!..» дермидим номин...
11. 08. 1987.