Пятница
19.04.2024
01:49
Форма входа
Поиск
Календарь
«  Сентябрь 2013  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
30
Архив записей
Наш опрос
Оцените мой сайт
Всего ответов: 4
Мини-чат
Қўшимча сайтлар
  • Ўз сайтингизни яратинг
  • BBC ўзбек хизмати
  • Озодлик радиоси
  • Насрулло Саййиднинг блоги
  • Инструкции для uCoz
  • Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0

    "Ҳамкорлик" жамғармаси

    Главная » 2013 » Сентябрь » 6 » Жаҳонгир Маматов׃ “ИАК”
    08:27
    Жаҳонгир Маматов׃ “ИАК”
    30. ХУЛОСА ЎРНИДА

    Сиёсат ҳам санъат дейишади. Аслида санъат ҳам сиёсатдир. Сиёсат санъат эканлиги сезилиб қолганда, емирила бошлайди. Санъат ҳам сиёсатлиги билиндими ”оёғи синади”. Санъатнинг гўзал бир бўлаги – рақс, ўйин. Сиёсатнинг ҳаром бир бўлаги – ўйин. Бири театр, томоша саҳнасида, кичик давраларда ҳукм сурса, иккинчиси  жуда ўлкан саҳнада – мамлакат, дунё саҳнасида "жилва” қилади.

    Бугун бизнинг юртимиз саҳнасида – ҳам сиёсат, ҳам санъат саҳнасида ифтихорга айланган ҳаёсиз ўйинлар кўпайиб кетди.

    Ўзбекистоннинг янги Конституцияси қабул қилинган сессия арафасида мамлакатда террор бошланган, диктатура қулоч ёзганди. Мухолифат қатағонга олинган, қувғин, сургунлар бошланганди. Сессия ҳам ана шу руҳ, ана шу кайфиятда ўтди. Бош қонун деярли муҳокамасиз қабул қилинди. Шу куни кечқурун президент пойтахтнинг  "Наврўз” кошонасида миллатвакилларига, сарой аъёнларига зиёфат берди.

    Зиёфат оқшоми президентнинг кўзларидаги таҳлика йўқолмаганди. У шу куни қандайдир нохуш хабар олгани сезилиб турарди. Сессияга киришда депутатларни лазерли махсус ускуналар ёрдамида "божхона”дан ўтказишди. Аёл депутатлардан бирининг сумкасидан темир кулдон чиқиб қолди. Ярим соат сўроқ қилишди. Биз кулдик: "Агар кулдон билан кимнингдир жонига  қасд қиладиган бўлса, демак япон мактабида ўқиган”.

    Зиёфат залида меҳмонлардан қўриқчилар кўпроқ эди. Сигарет чекмоқ учун жойимдан қўзғалгандим, йигирмага яқин йигит мен томонга ўтди. Ёнимга Миллий Хавфсизлик хизмати қўмитасининг  раиси Ғулом Алиев келди.

    -Ғулом ака, "қўйлар ҳам чўчқа ҳолига” тушибди-ку? – дедим зиёфат олдидан махсус аравачалар устида чўчқага ўхшаб ётқизилган, боши ва оёғи кесилмасдан пиширилган қўйларга шаъма қилиб.

    -Бугун шод-ҳуррамлик, шунақа гапларнинг ўрнимас, – деди Ғулом Алиев. Сездимки, суҳбатимиз ёзиб олинмоқда. Чунки Ғулом ака билан ён қўшнимиз. Яккама-якка қолганда тузумдан, президентдан норозилигини  гап орасига қистирарди. Бу ҳам балки "ламбада”дир?  Ҳар ҳолда, ўйинни самимий ўйнарди.

    Бирдан Олмахон Ҳайитованинг жарангдор овозлари янгради. Ўртага Хоразм вилояти ҳокими Маркс Жуманиёзов чиқди. У ва Вазирлар Маҳкамаси раисининг муовини Эркин Самандаров Ўзбекистон мустақиллигининг бир йиллиги тантанасида бирга рақсга тушиб, президентдан ташаккурнома олишганди. Маркс Жуманиёзов қарсаклар оғушида гоҳ қош учириб, гоҳ ўтириб-туриб ўйнарди.

    Одамларнинг кўзи президентда эди. У заҳарли жилмайиб турарди. Бу жилмайишни ташаккурнома деб англашди, шекилли, бирин  кетин-вилоят ҳокимлари рақсга туша бошладилар.   Самарқанд вилоят ҳокими Пўлат Абдураҳмонов рақсга уста эмас экан.  Депутат Ойгул Маматованинг жозибадор ўйини бу қусрни ёпиб юборди. Бухоро вилоят ҳокими Дамир Ёдгоровнинг "бадани”да бор экан, анча вақт давра айланди. Ҳатто, бир қўли билан қошини юқори кўтариб, президентга қараб "ҳунар” ҳам кўрсатди.

    Хуллас, ҳоким раққослар мусобақаси президентнинг хижил кўнглини ёзди.

    Навбат миллатнинг гули ва ақли бўлмиш ижодкорларга келди. Тўғрироғи, президент сўзни аввал Саид Аҳмадга, сўнг Одил Ёқубовга берди.

    Саид Аҳмад микрофонни икки қўллаб ушлаганча даврага бир назар солдиларда юракларини очдилар.

    -Мен ҳам мустақиллик учун курашганлардан бириман, – деди у киши. – Советлар империясида мустақиллик ҳақида гапириш у ёқда турсин, ҳатто фикрлаш ҳам қўрқинчли эди. Лекин биз юрагимиздаги бу дардни асарларимизга сингдирдик. "Келинлар қўзғолони”ни ёзарканман, дилимда шу мақсад эди. Марказ зулмидан озод бўлиш ғояси асаримнинг бошидан охиригача чекинмайди. Бу асарда ўн беш мустамлака жумҳуриятнинг дарди, ташвишларрини беришга интилдим. Бош қаҳрамонларимнинг ҳар бири бир жумҳуриятнинг образидир…

    Даврада ўтирганлардан бири "Ўзбекистон ким экан?” деб шивирлади. "Соттихон бўлса керак” дегандим, ёнимиздагилар кулиб юборишди.  Саид Аҳмад эса ҳали сўзларида давом этмоқда эдилар.

    -Муҳтарам президентимиз Ислом ака Каримов мустақиллигимизни эълон қилган паҳловон халқимизнинг Алпомиш ўғли, умидларимизнинг ёрқин шўъласидирлар. Мана, яна у кишининг дадил ва жасоратли одимлари билан юртимизнинг янги Бош қонуни қабул қилинди…

    Саид Ахмад бисотидан териб – териб ҳамду сано ёғдиргани президентни шод қилди. Аммо Одил Ёқубов янада жозибали, янада образли нутқ ирод этди:

    -Ўзбекистон ярадор, мажруҳ бир от, тўғрироғи тойчоқ эди. Рус мустамлакаси пайтида эзилган бу тойчоқнинг кўзлари ёш,  дарди оғир эди.  Ислом Абдуғаниевич унинг ёшларини авайлаб, ёлларини тараб, силлиқлаб, ярасига малҳам босиб парваришладилар. Бу тойчоқ тезда куч тўплаб, парвозга шайланган от ҳолига келди.  Бугун Ислом ака соҳиби давлат сифатида уни эгарладилар. Дул-дул юксак парвозларга шайланди. У ўз чавандозига, чавандози эса унга ярашиб турибди…

    Балки вақт ўтиб адибларимизни "Ўшанда образли қилиб, Каримов халқнинг елкасига миниб олди” деганлар топилади ва ҳеч ким эътироз қилмайди. Чунки "ламбада” ҳар қандай кишининг соғлом фикрларини топтаб, ор-номус кўчасидан узоқлаштиради.

    -Бугун Ислом аканинг мардлигини кўролмаётганлар бор, – дея давом этди О. Ёқубов. – Улар адашган, кимдандир, нимадандир норози кишилардир. Шу сабаб, Сиз Ислом ака, ундайларга эътибор ҳам берманг.  Халқ уларга аллақачон баҳо бериб бўлган. Шундай деймизу, аммо улар асабни эговлаб, катта ишлар ва мақсадлар йўлида тўсиқ  бўлишгани аянчлидир…

    Сўнг Ортиқ Отажонов президентга "бир капгир” мақтов ёғдириб, қўшиқ бошлади.

    Даврага раислик қилаётган Наманган вилояти ҳокими, президент ибораси билан айтганда "оқсоқол” Бургутали Рапиқалиев ишораси билан ўртага яна ҳокимлар чиқдилар. Рақс тугагач, Каримов "икки улуғ адиб” шарафига қадаҳ кўтаришни буюрди.

    Стол устидаги шишалар аллақачон бўшаб қолгани учун баъзи аъёнлар бўш қадаҳларни кўтариб, буйруқни бажардилар.

    Вақт келиб, улар ҳам ўзларини оқлашлари учун имкон бўлади. Яъни: "Биз ўшанда фикрларга қўшилмаганимиз учун бўш қадаҳни кўтаргандик”, дея. Уларни ҳозир ҳам айбламоқчи эмасмиз. Улар "ламбада” асирлари.  Асир эса буюрилганни бажаришга маҳкум. Асирлар суд қилинмайдилар.

    Қўшиқ айтиб турган Ғуломжон Ёқубовга президент  ниманидир ишора қилди. У куй оҳангини ўзгартириб, Каримовга Мустақиллик куни ёқиб қолган насиҳат – қўшиғини бошлади.  Шу пайт унинг ёнида ҳофиз Шерали Жўраев пайдо бўлди.

    Шерали Жўраев ҳақида шу  кунлари турли миш-мишлар тарқалганди. "Каримов уни телевизордан, радиодан олиб ташлабди”. "У ҳажга борганда президентни Худосиз дебди”. Бу гапларда жон бор эди. Ростдан ҳам Каримов бир мажлисда ТВ "катта”сига Шерали Жўраевни кўрсатмасликни буюрганди.

    Ҳофиз  ҳамкорининг қўлидан торни олиб: ”Мен Ўзбекистон гимнини ёзганман, шуни ижро этаман”, деди. Президент бошини қуйи солиб, ёнидаги маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқовга нимадир деди. Унинг ранги оқади. Ҳар ҳолда жавоб қилди. Назаримда, у  "Шерали Жўраев рўйхатда йўқ эди”, деб қутулди.

    Қўшиқ тугагач, ”об-ҳаво” бузилаганини сезган аъёнлар қарсак чалмадилар. Ҳофиз енгил куй чалиб, ўтирганларни рақсга "даъват” этди. Ҳамма жим.

    Кўп ўтмай бу "нохушлик”ни президент унутди ва ўзи рақсга тушди. Жувон депутатлар, ҳокимлар уни қуршаб олдилар…

    "Наврўз” кошонасидан қайтарканмиз, кўнгил хира, чунки Каримов "ўрмонга ўт қўйганди”. Ёнғин яшин тезлигида вилоятларга, туманларга тарқалаётганди.  Ўрмон ичида минг-минглаб  гуноҳсизлар азоб ўтида қоврилаётган эдилар. Кўнгилга ана шу ёнғиннинг қора кўланкаси хира солганди…

    1992-2005

    Тошкент-Баку-Истанбул-Вашингтон.

    Манба : turonzamin.org
    Просмотров: 604 | Добавил: hamkorlik | Рейтинг: 5.0/1
    Всего комментариев: 0
    Имя *:
    Email *:
    Код *: