Ёдгор Обид
Уйғоқ яшаш қийин мудроқ дунёда, Биродар, нетайлик, шу кунга қолдик. Дардимиз муаллақ бўмбўш ҳавода, Тўлғондик, тебрандик, аламдан толдик.
Уйғоқ яшаш қийин мудроқ дунёда, Кўксингда - оташлар... Ёндирар ёмон. Орзулар - сарсари мангу маъвода, Умидлар чирқираб излайди имкон.
Уйғоқ яшаш қийин мудроқ дунёда, Токи бошлар узра - қотил жаҳолат. Англатмоқ истасанг - бошинг билода... Нигоҳлар - қаҳрли. Нигоҳлар - нафрат.
Уйғоқ яшаш қийин мудроқ дунёда, Биродар, бунчалар бешафқат тақдир... Қочиб кетолмаймиз арши - аълога, Нима қилсак - қилдик, яшадик аҳир.
Уйғоқ яшаш қийин мудроқ дунёда, Нетайлик, қисматга битилган экан... Синмаса руҳимиз шундоқ аснода - Юз очар орзуга айланган маскан.
Уйғоқ яшаш қийин мудроқ дунёда...
Манба : facebook.com
|