Суббота
27.04.2024
01:14
Форма входа
Поиск
Календарь
«  Сентябрь 2013  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
30
Архив записей
Наш опрос
Оцените мой сайт
Всего ответов: 4
Мини-чат
Қўшимча сайтлар
  • Ўз сайтингизни яратинг
  • BBC ўзбек хизмати
  • Озодлик радиоси
  • Насрулло Саййиднинг блоги
  • Инструкции для uCoz
  • Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0

    "Ҳамкорлик" жамғармаси

    Главная » 2013 » Сентябрь » 5 » Жаҳонгир Маматов׃ “ИАК”
    09:47
    Жаҳонгир Маматов׃ “ИАК”
    29. "ЭРК” ГАЗЕТАСИ

    1993 йил…

    Бир куни эрталаб уйга Президентнинг котиби қўнғироқ қилди. Одатда ёрдамчиси Крайнов телефон этарди. Нега бу сафар котиб "сафарбар” бўлди? Ҳайрон бўлмадим. Чунки Каримов гап атрофга ёйилмаслигини истаса, ишни котибига топширарди. Котиб "тош” каби одам. Бориб урилган жойидан қон оқса оқарди, лекин миқини чиқармасди.Ўзига доғ юқтирмасди.

    -Сизни сўраяптилар! – деди у салом-аликдан кейин.

    Икки кун олдин Каримов билан учрашаман, деб борганимда баҳона топишганди. Шуни эслатдим.

    -Ока, худди бегонага ўхшаб гапирасиз-а? Биласиз-ку, бу саволларга биз жавоб бера олмаймиз. Кейин ўша пайтда жуда банд эдилар,-деди у.

    -Биламан, лекин "йўқ” деган қароримни юмшатиброқ айтмоқчи эдим-да. Яъни сизга оғир ботмасин деб…

    -Ҳа, боплайсиз-а?! Биласиз-ку "йўқ” деган сўзни кириб айта олмайман. Ҳатто "тополмадим” деган сўз ҳам бошимизнинг кетишига сабаб бўлади.

    -Сизнинг бошингиз кетса, кейин ўзлари ҳам бошсиз қоладилар-ку?- деб ҳазиллашдим.

    У анча вақт индамай турди. Бу эса "телефонни эшитишади” деган маънога ҳам келарди. Гарчи Президентнинг қабулхонаси бўлса ҳам, гарчи котиб ўша идорага, яъни МХХга мансуб бўлса ҳам, барибир чўчир эди. Совет даврида республикаларнинг биринчи котибларининг қабулхонасига КГБнинг икки ходими қўйилган. Улардан бири қабул билан шуғулланса, иккинчи қоғозлар билан банд бўлган. Айни пайтда улар ҳам "биринчи”ни, ҳам ўзларини назорат қилишган. Шу одат Каримов даврида ҳам сақланиб, улар бир-бирларининг устидан ҳисобот ёзадилар деган гап-сўзлар юрарди.

    -Фақат ўзимни-ўзимга мақтайсизу, ўт билан рўбарў қилиб қўясиз. Агар дўстлигимиз ҳурмати бор бўлса, йўқ демайсиз,-деди у бир муддатлик танаффусдан кейин.

    Энди у кўнглимга яқин гапираман, деб хато қилганди. Қабулхонада бир-икки кўришган билан дўст бўлиб қолинмаслигини яхши тушунаман. Аммо эртага "Ким билан дўст эдинг?” деб ундан шубҳа қилишлари ҳам турган гап.

    Хуллас, котибни биламан. Гапни яна бироз чўзсам, ўзи югуриб келишдан ҳам қайтмайди. Шундайлиги учун ҳам ишлаяпти. Акс ҳолда аллақачон "думига супурги боғланарди”.

    -Ока, эшик ёнида "07” турибди. Илтимос кутаяптилар…

    "07”-бу "10-07” дегани эди. Сарой машиналарининг номерлари "10” рақамидан бошлангани учун иккинчи бўлаги айтиларди ва буни ҳамма тушунарди.

    Машинага чиқарканман, овоз узатгичдан котибнинг товуши эшитилди:

    -Чиқдиларми?

    -Бораяпмиз! -деб жавоб қилди ҳайдовчи. Бу "тезроқ кел” деган ишорати эканлигини билган ҳайдовчи йўл қоидаларига ҳам қарамай машинани "елдай” учириб кетди.

    Нега Каримов чақирганлигини таҳлил қила бошладим. Каримов бугун эрталабдан бу "ишга” киришган бўлса, демак сабабни кечаги воқеалардан топишим керак. Ҳа, топдим. Кеча "ЭРК” газетасининг собиқ бош муҳаррири Иброҳим Ҳаққул билан Матбуот давлат Қўмитасига боргандик.

    1992 йилнинг 3 январ куни ЭРК партиясининг кенгайтирилган пленумида каминани ҳам партия котиблигига ва ҳамда "ЭРК”  газетаси Бош муҳаррирлигига сайлашди. Аслида бу ишга рози бўлиш, ўз жонига қасд қилиш каби иш эди. Чунки айни шу кунларда партиянинг котиби Отаназар Ориповни қамашганди. Қолганларни ҳам "Миллий мажлис” масаласида сўроқ қилишаётганди.

    Иккинчи томондан "ЭРК” газетаси масаласида иш қўзғатилган ва Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги бош муҳаррир Иброҳим Ҳаққулдан бошлаб оддий ходимларга қадар ҳаммани тергов қилаётганди.

    Шу кунларда Иброҳим Ҳаққул "Илмий ишимга қайтаман”, деб ишга келмай қўйди.  Яна бир томонда Муҳаммад Солиҳ партияга деб Москвадаги Инсонпарварлик ташкилотидан катта миқдорда пул олган, деб текширув давом этаётганди. Бир сўз билан айтганда партияни ёпиб ташлашга киришган эдилар.

    Бунинг устига партиянинг парламентдаги гуруҳининг раҳбари эдим. Муҳаммад Солиҳ парламентни ташлаб кетгандан кейин пленум Олий Мажлисда ЭРК партияси номидан гапиришни ҳам каминага юклаганди.

    Кўпчилик турли баҳоналар билан ўзини четга олар экан, истаган қадар баҳона топишим мумкин эди. Лекин виждоним бунга йўл қўймасди. Йиқилаётган одамни ташлаб кетишни тасаввуримга сиғдира олмасдим. Ўзимни четга ололмасдим. Курашнинг олдига чиқиш керак эди. Ҳамма чекиниб кетаверса, демократияга ишониб бу партияга келган минг-минг одамлар нима қиладилар, деб ўйлардим. Шунингдек, ҳукуматнинг демократияга қарши очган урушини ҳали тўхтатиб қолиш мумкин ва биз бунда муҳим рол ўйнашимиз керак, деб ишонардим.

    Ўшанда Иброҳим Ҳаққулга телефон қилиб, қоида бўйича давлат қўмитасига бирга боришимиз  кераклигини айтдим. Танишмоқ қоидаси шунақа эди.

    Вазир Рустам Шоғуломовни олдиндан яхши танийман. "Тошкент ҳақиқати” газетасида ишлаганимда у "Ёш Ленинчи” газетасининг бош муҳаррири эди. Раъно Абдуллаева Ўзбекистон Компартияси МК котиби бўлган кезларда Рустам Шоғуломов ва акаси Ўзбекистон Компартияси МК нашриётининг директори Ислом Шоғуломов билан бирга вазифадан қувилишди. У бир муддат  китоб нашриётида ишлаб юрди.

    Каримов Абдуллаева четлатган ҳамма одамларни ўз атрофига тера бошлаганда биз сессияда Рустам Шоғуломовнинг номзодига қарши бўлдик. Унинг раҳбарлик борасида ҳеч қандай истеъдоди бўлмаса ҳам, акасининг орқасидан бошлиқ бўлиб юргани, журналист ўлароқ икки сатрни эплаб ёзолмасада, китоблар чиқарганини ҳамма биларди. Юзи доим кулиб турсада, ичи қора деб айтишарди у ҳақда гап кетганда.

    Биз унга қарши бўлганимизни сезгандай Каримов ёш депутатларни чақириб, "Битта илтимосим, шу одамни Матбуот давлат қўмитаси раислигига ўтказиб беринглар” деб туриб олганди. Ҳар қанча унинг камчиликларини айтсак ҳам, Каримов  оёқ тираб олди. Сессияда ҳам  биз қарши бўлганимизга қарамай бошқалар уни танимасаларда қарсаклар билан қўллаб юборишди.

    Рустам Шоғуломов унга қарши бўлганимизни  яхши биларди. Бунинг устига ундан олдинги "вазир” Убайдулла Абдураззоқов билан  бўлган воқеалардан ҳам хабари бор. Шу боис совуқ қабул қилди.

    У икки ойдан бери ғайри расмий ўлароқ газетанинг чиқишини тўхтатиб турганди. Шу икки ой ичида ҳар ҳафта газета қайтадан тайёрлаб олиб борилсада, улар нашр эттиришмасди.

    Ҳол-аҳвол сўрашгандан кейин Шоғуломов деворда осиқлиқ турган портретга қараб:

    -Ислом акам бу мамлакатни мамлакат қилиб турибдилар, бўлмаса билмайман нима бўлиб кетар эди?-  деди.- Сизлар сайловда  қилган энг катта хато ораларингдан лидер чиқара олмадинглар. Ана у шоирдан президент чиқармиди?

    -Тарихда жуда кўп шоирлар подшоҳлик қилганлар,- деб жавоб қилди Иброҳим Ҳаққул.

    -Улар шоирликдан подшоликка ўтмаганлар, улар подшолик даврида шеър ҳам ёзганлар, десангиз, тўғри бўлади. Муҳаммад Солиҳни яхши танийман, газетачиликни қойил қилолмаганди, ҳатто уч кишига бошчилик қилиб кўрмаган одам катта мамлакатни қандай бошқарсин? Мен унинг "Ўзбекистон спорти” газетасида ишлаганини биламан. Бир кун навбатчилигида ичиб ўтириб газетани чоп этишга топширишни унутгани учун ишдан ҳайдалганди. Масъулиятсиз одам. Унинг нима сабабдан коммунистик партияга кира олмаганини ҳам биласизларми? Ичкилик ичиб, бузуқчилк қилиб қўлга тушгани учун. У бир аламзада одам. Сизлар ундан президент ясайман, деб юрибсизлар. Тушларингизни сувга айтинглар. Ёзувчилар Союзига уни Коммунистик партия котиб қилиб қўйганда ҳам уч кишига раҳбарлик қила олмади.

    Унга эътироз билдирган бўлдик.

    -Ёзувчилар уюшмасида уч кишидан кўпроқ одам ишларди,- деди Иброҳим Ҳаққул.

    -Ёзувчилар уюшмасида раҳбар Одил Ёқубов эди, Солиҳга ўхшаган котиблардан бир қанчаси ашула айтиб юрганди. Мамлакатни бошқариш учун катта тажриба керак. Ҳокимият Ислом акамда қолгани ҳаммамизнинг бахтимиз,- деди Шоғуломов гап тамом дегандай.

    Унга биз лекция эшитиш учун келмаганимизни ва газетани тўхтатиб тургани матбуот ҳақидаги қонунига зид эканлигини, биз эса қонун талаби бўйича унинг ҳузуридан ўтишимиз заруриятидан келганимизни эслатдим ва:

    -Ислом ака қонунлар кафолати, сиз эса қонунни бузиб ўтирибсиз,- дедим.

    -Газетани мен тўхтатиб турганим йўқ, маслаҳат қилиб, кейин сизларга натижасини айтаман,-деб жавоб қилди у.

    …"07” Президент девонига яқинлашиб борар экан, сабабни топгандай эдим. Демак, "натижа”  чиққанга ўхшайди. У "акаси” билан маслаҳат қилган кўринади.

    Машинадан тушиб олтинчи қаватга кўтариларман,  "Бу сафарги натижа қандай буларкин?” деб ўйладим. Саволим хаёлимда қолди. Лифт эшигида кутиб олган котиб ичкарига бошлади. Эшикни очди-да ўзи ташқарида қолди. Каримов ниманидир ёзиб ўтирарди. Кирганимни сезмай қолди. Унинг ёнига етиб боргач:

    -Ассалому-алайкум! – дедим.  У чўчиб тушди.

    -Осмондан тушдингизми, ердан чиқдингизми? – дея ўрнидан турди.

    -Юрибмиз, – дедим.

    -Табриклаймиз, бош муҳаррир бўлибсиз. Иш керак бўлса, топардик. Ўшалар билан ишлашингиз шартмиди? Улар тугаб битди. Сизга ўхшаганларнинг номи билан тирилмоқчи!

    -Улар билан илгаридан биргаман-ку…

    -Тўғри, лекин илгаридан бош муҳаррир эмас эдингиз. Партиясига идеология секретари бўлганингизда ҳам индамагандим. Аммо газетасига сиз бошчилик қилишингиз керакмиди? Биламан, қаламингиз ўткир, аммо бошқа газеталарга ёзинг! – У менинг партияга котиб ва газетага бош муҳаррир бўлишим айни кунда бўлганидан бехабардек эди ёки чалкаштираётганди.

    -Шундай ҳам газетани чиқаришга рухсат бермаяпсиз-ку! –дедим.

    -Рухсат бермоқчи эдик. Энди бутунлай ёпамиз. Ҳозир ана у Салай (Ҳукуматдагилар ҳам, Каримов ҳам Муҳаммад Солиҳ сессияда номини "Салай Мадаминов” деганларига аразлаб чиқиб кетгани учун энди "Салай” калимасига урғу бера бошлашганди-ЖМ) ертўлада ўтирибди. Москвадан олган пулларининг ҳисобини бермоқда. Газетани эса қарор билан ёпамиз,-деди.

    Каримов пўписа қилаяпти деб ўйладим. Аммо кейин билсам,  эрталаб ишга отланган Муҳаммад Солиҳни Ички ишлар вазирлигига олиб кетишган экан ва кечгача бир хонада турли баҳоналар билан ушлаб, кейин жавоб беришибди.

    Аммо шу дақиқада Каримовнинг гапига ишонмаётгандим. Чунки шундай воқеа юз берса, дарҳол эшитган бўлардим, деган хаёлда эдим.

    -Агар газетадан кетсам-чи?  У ҳолда ёпмайсизларми?-дедим.

    -Қаерга кетасиз!

    -Сизнинг газетларингиздан бирига, албатта сиз тавсия қилсангиз,-дедим.

    -Газеталар меники эмас, биттаси Олий Кенгашники, бошқаси партияларники, яна биттаси комсомолники, уларнинг ишига мен аралаша олмайман, қандай қилиб, сизни тавсия қилишим мумкин,-деди Каримов.

    -Унда нега бизнинг газетага аралашаяпсиз?- дедим. Каримов қизариб кетди ва бирдан  ўрнидан сапчиб турди.

    -Нега аралашмайин? Мен қовунчи эмас, Каримовман. Сиз сессияда айтгандек ҳаммаси онамнинг маҳрига тушган, билдингизми?

    -Бундай деганим йўқ!-дедим.

    -Ие, аллақачон унутдингизми, лентани қўйиб берайми? – у шундай деб, дераза томондаги бурчакда турган телевизорнинг остидаги видеомагнитофон тугмасини босди. Кейин қўл билан бошқариш аппаратини олиб, жойига ўтирди. -Бу сизларнинг давлат тўнтаришига уринишларингиз…

    Лента менинг нутқим ёзилган жойга қадар айлантириб қўйилган экан:

    -Унутган бўлсангиз, ҳозир ёдингизга соламиз!-деди.

    -Мен унутганим йўқ, ўшанда "Онангизнинг маҳрига тушганми?” деганим йўқ, балки "Ўзбекистонни онангиз туққан эмас ва сиз устун бўлиб қололмайсиз” деганман…

    Кейин нима сабабдан шунча вақтдан кейин бу масала энди ўртага чиққанини сўрамоқчи эдим, лекин у қулоқ солмади.

    -Ўзингни йиғиштириб ол, бўлмаса қамоқда чиритаман дегандим, эсингда борми? Мани эса эсимда турибди. Сени қамоқда йўқотаман, билдингми?

    -Биринчидан сенсираманг, иккинчидан эса, қамашингиз мумкин, лекин, ана у кун одамларингиз ўлдиришга уриниб кўрдилар, номерсиз машинада. Ҳаётим уларга боғлиқ эмас экан, йўқота олмадилар…

    -Лекин, йўқотаман, билиб қўй!-дея бақирди Каримов, унинг оғзидан кўпиклари чиқиб атрофга сочила бошлади. Унинг қуянчиқ касали бор дейишарди, нима бало, тўғри эканми, деб шу дамда касали тутиб қолишидан қўрқдим. Лекин барибир жавоб беришни афзал кўрдим.

    -Йўқотиш сизнинг ишингиз эмас, ҳаммаси Худонинг қўлида!-дерканман лабим қуриб тилиб айланмай қолаёзди.

    -Ман ўша Худо!-дея у кўкрагига урди.

    -Худо кечирмайди бу гуноҳни!- дедим.

    -Кўрамиз, Худо кимни кечирмайди? Истайсан.. сизми, эртага муфти телевизорга чиқиб, сизни динсиз деб эълон қилсин! Устозингизни "динсиз” деб эълон қилдирганим сизга дарс бўлмадими? Истасам, эртага мени "Худонинг ердаги сояси” деб эълон қилади. Дин – бу менинг айтганим. Истасам, мачит очиб бераман, истасам муфти-пуфтиси билан портлатиб юбораман.

    -Эртага менинг ҳам уйимга бомба тушадими?- дея муфтининг уйига портлатгича ташлаганларига ишора қилдим.

    -Сизни олдин уйингиздан қувиб чиқараман. Кейин депутатликдан ҳайдатаман. Оилангиз ҳам сиздан юз ўгиради.  Ана ундан кейин қамайман!

    -Пешонага ёзилгани бўлади.

    -Пешонангизга шуларни мен ёздим. Сиз эса ўқиб олинг! Хуллас, ора очиқ! Кетаверишингиз мумкин!

    Ўжарлигим тутди.

    -Барибир жоним Жабборнинг қўлида! –дедим.

    -Кўрамиз! Кўрамиз! Кўрамиз! – у бақираа-бақира қолди.

    Хуллас, газетани 1993 йил 7 феврал кунги ҳукумат қарори билан ёпишди. Биз аввал газетани Озарбайжонда чиқармоқчи бўлдик. Имкони бўлмади. Кейин Туркияга кетганимизда у ерда нашр эттик.

    (ДАВОМИ БОР).

    Манба : turonzamin.org
    Просмотров: 833 | Добавил: hamkorlik | Рейтинг: 0.0/0
    Всего комментариев: 0
    Имя *:
    Email *:
    Код *: